2022 йил февраль ойида 128,4 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди, бу ўтган йилнинг февраль ойига (51,5 минг) нисбатан 149,2%га ва 2020 йил январь ойига (57,5 минг) нисбатан эса 123,2%га кўпайди. Шу билан бирга, 2022 йил январига нисбатан ўсиш суръати 13,4%ни ташкил этди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) «Газета.uz»га тақдим этган таҳлилида.

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг жадаллик билан ўсишини ўтган ойдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини БҲМнинг 3 баробари миқдорида белгиланиши билан изоҳлашмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинчалик олиб киришда тўланадиган йиғим 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан бекор қилинди.


Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонини ўзгариши. Фото: ИТИМ.

Жорий йилнинг февраль ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 28,8 минг донани ташкил этди. Автомобил савдоси январь ойига нисбатан 3,2%га ошди. Иккиламчи бозорда ушбу кўрсаткич 99,6 минг донани ташкил этди (ўсиш 16,8%).

Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони ўтган ойга нисбатан Тошкент (63,2%), Қашқадарё (38,1%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (15,9%) сезиларли даражада ошган бўлса, Сирдарё (-27,8%), Фарғона (-22,3%), Наманган (-16,9%), Бухоро (-6,2%) га нисбатан), Сурхондарё (-6,1%), Самарқанд (-4,8%), Жиззах (-1,9%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (-6,6%) камайиш кузатилди.


Бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотилган автомобиллар. Фото: ИТИМ.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотди шартномалари сони 2,4 минг донани ташкил этиб, бу январь ойига нисбатан 26%га кўпайди (2021 йил февраль ойига нисбатан ўсиш 2,7 баробар).


Ички бозорда сотилган янги енгил автомобиллар. Фото: ИТИМ.

Иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларини расмийлаштиришлар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Самарқанд — 12,5 минг (январь ойида — 9,7 минг), Фарғона — 11,8 минг (9 минг), Андижон — 10,2 минг (7,2 минг), Наманган — 9,4 минг (8,1 минг), Қашқадарё-8,3 минг (6,4 минг) вилоятлари ва Тошкент шаҳри — 11,7 минг (13,6 минг) бўлди.