Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов жума куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасидаги телефон мулоқоти икки хил талқин қилинаётгани юзасидан изоҳ берди.

Унинг маълум қилишича, мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Россия президенти давлат раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари тўғрисида маълумот берган. Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирган.

«Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда, — деди Шерзод Асадов. — Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим».

Эслатиб ўтамиз, жума куни Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари телефонда мулоқот қилиб, «Украинадаги демилитаризация ва денацификация» вазиятини муҳокама қилишгани ҳақида хабар берилган эди. Кремль расмий сайтида президент Мирзиёев Россия томонидан қабул қилинаётган хатти-ҳаракатларни тушунишини билдиргани маълум қилинди.