12 март, шанба куни Туркманистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Унда амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам овоз берди, деб ёзмоқда ТАСС.

У Ашхобод шаҳридаги Аннаниёз Ортиқ номидаги 68-умумтаълим мактабида жойлашган сайлов участкасига 85 ёшли онаси билан ташриф буюрди.

Овоз бериш жараёнидан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедов журналистлар билан суҳбатлашар экан, ушбу президентлик сайловларини тарихий деб атади. «Бугун тарихий президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Халқимиз янги президенти танлайди», — деди у.

Туркманистон етакчиси шунингдек, сайловлар очиқ, тенг ҳуқуқли, демократик тамойиллар ва қонуний тарзда ўтаётганини қўшимча қилган.

Амалдаги президентнинг ўғли, Туркманистон демократик партиясидан президентликка номзод Сердар Бердимуҳаммедов ҳам мазкур сайлов участкасида оиласи билан бирга овоз берди.

Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссиясининг хабар беришича, Туркманистон вақти билан соат 13:00 ҳолатига рўйхатга олинган 3,4 млндан ортиқ сайловчидан 71,9 фоизи овоз бериб бўлди.

Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссия рўйхатга олган бошқа номзодлар:

  • Агаджан Бекмирадов — Туркманистон аграр партияси;
  • Бабамурат Мередов — Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси;
  • Какагелди Сариев — Мари вилояти фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;
  • Перхат Бегенжов — Лебап вилояти фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;
  • Бердимаммет Гурбанов — Балкан вилояти фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;
  • Максат Одешов — Дашогуз вилояти фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;
  • Хидир Нуннаев — Ашхобод шаҳри фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;
  • Максатмират Овезгелдиев — Ахал вилояти фуқаролари гуруҳи ташаббуси билан илгари сурилган;

Овоз бериш Туркманистон вақти билан 07:00 бошланди ва 19:00 гача давом этади. Мамлакат бўйлаб 2577 та сайлов участкаси бор, 41 таси республика ташқарисида. Жами 3,4 млндан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган.

Муддатидан олдин овоз бериш 2 мартдан 11 мартгача бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, унда сайловчиларнинг 7,9 фоизи иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Халқ Маслаҳати йиғилишида нутқ сўзлаб, давлат бошқаруви ёш раҳбарларга берилиши кераклигини таъкидлади. Унинг ўзи эса Халқ Маслаҳати раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқчилигини маълум қилганди.