Янги турар жойларнинг яримертўлаларидан яшаш хонадони сифатида фойдаланишга рухсат берилди. Бу ҳақда 9 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон қурилиш вазири ўринбосари Насрулла Бобоев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўп қаватли турар жойларнинг ертўла қисмини фойдали майдонга айлантириш юзасидан республикада амалда бўлган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги норматив ҳужжатлар манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди.

Жумладан, бош лойиҳа институтлари томонидан 5,7,9,12 ва 16 қаватли турар жой биноларининг яримертўла қисмида яшаш хонадонларини жойлаштириш бўйича намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, барча турдаги уй-жойлар лойиҳаларида замонавий энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг миқёсда фойдаланиш назарда тутилган.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров ўзининг 18 февралдаги қарори билан ШНҚ 2.08.01−19га ўзгартишлар киритди. Адлия вазирлигининг 26 февралдаги хулосасига кўра, қарор ҳисобга олинган, деди Насрулла Бобоев.

2.11. бандига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

 — Яшаш хоналарини ертўла қаватларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

— Янги курилаётган турар жой биноларининг яримертула (цокол) қаватларида қуйидаги шартлар бажарилган ҳолларда яшаш хоналарини жойлаштиришга йўл қўйилади:

  • ерости сувлари ер сатҳидан 3 м ва ундан пастда бўлган ҳудудларда;
  • яримертула қаватининг камида 1/3 қисми ер сатҳидан юқорида лойиҳалаштирилганда;
  • яримертула қавати хоналарининг полдан шифтгача бўлган баландлиги 2,4 м дан кам бўлмаганда;
  • яримертуладан ўтувчи горизонтал муҳандислик тизимлар (тармоқлар) яшаш хоналарини инобатга олган ҳолда жойлаштирилганда;
  • хоналарнинг ташқи деворлари ва полларида иссиқлик ҳимояси таъминланганда;
  • 0331−16-сон СанҚваН талаблари бажарилганда;
  • яшаш хоналаридан тўғридан-тўғри ташқарига чиқувчи деразалар ўрнатилганда;
  • табиий ёруғлик ва инсоляция даражасининг 22 февралдан 22 октябргача бўлган даврда 2 соатдан кам бўлмаган даражаси таъминланганда;
  • ҳавонинг яхши айланиши (механик вентиляцияси) таъминланганда;
  • яримертўла қаватидаги ошхона ва санитария хоналари канализация тизими бинонинг умумий канализация тизими сатҳидан юқори бўлганда ҳамда қайтарувчи клапан билан жиҳозланганда;
  • таом тайёрлаш учун электр плиталардан фойдаланилганда;
  • табиий ва суюлтирилган газларда, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларда ҳамда портлаб ёниш хавфига эга бўлган бошқа моддалар ва материалларда ишловчи қурилмалар кўзда тутилмаганда.

Ҳужжатда яримертўла қаватларга яшаш хонадонлари жойлаштириш учун эвакуация бўйича талаблар ҳам кўзда тутилган.

Октябрда ҳукумат кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини бизнес учун ажратиш қоидаларини тасдиқлаган эди. Ертўлаларда дўконлар, киоскалар, сартарошхоналар, кафелар ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Улар фақат уйдаги квартираларнинг эгаларининг розилиги билан ажратилади.