21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донецк ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллигини тан олиши ортидан Германия канцлери Олаф Шольц «Шимолий оқим-2» лойиҳасининг сертификациясини тўхтатди. 23 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден «Шимолий оқим-2» оператори Nord Stream 2 AG компанияси ва унинг расмийларига қарши чекловлар қўйди.

7 март куни Лондоннинг ICE биржасида газ нархи кетма-кет тўртинчи кун рекорд даражага ошиб, апрель ойи учун минг кубометр газнинг фючерс нархлари 3950 долларгача кўтарилди. Кейин эса бир соат ичида нархлар 1000 долларга пастлади. Мақола эълон қилинган пайтда 2400 доллар атрофида бўлиб турибди.

Газ нархининг ўсиши АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа баъзи мамлакатлар томонидан Россиянинг бир қатор юридик ва жисмоний шахсларига қарши санкциялар қўлланилиши эълон қилинганлиги ортидан кузатилмоқда. Ушбу санкциялар эса Россия Украинага қарши «махсус ҳарбий операция» эълон қиганлиги сабаб қўлланилган эди.

Россиялик мутахассисларнинг фикрича, Европа Россия энергия манбаларига тақиқ қўйган тақдирда, ЕИда газ нархи беш хонали қийматларни кўрсатиши мумкин.

Юзага келган вазиятда Европа ва Россиянинг энергетика соҳасидаги кўплаб мутахассислари Европа Россия газисиз яшай олиши имкониятини таҳлил қилишмоқда.

Германия канцлери Олаф Шольц ZDF телеканалига берган интервьюсида мамлакат ўзининг Россия газидан қарамлигини камайтириш учун қандай аниқ чоралар кўраётгани ҳақида айтиб ўтди. Шольц Германия ҳозир ҳам Россиядан газ, нефть ва кўмир олаётгани, лекин шу билан бирга аста-секин қайта тикланадиган энергия манбаларига (шамол ва қуёш) ўтаётганини қайд этган.

«Германия жуда қисқа вақт ичида нефть ва газдан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечишга қарор қилди ва 2045 йилга келиб Германиянинг углеродсиз-нейтрал иқтисодиёти дунёдаги энг кучли иқтисодиётлардан бирига айланади», — деган канцлер.

Шольцнинг сўзларига кўра, газ Германияда истеъмол қилинадиган энергиянинг тўртдан бир қисмига тўғри келади ва бу газнинг катта қисми Россиядан импорт қилинади. Германияда мавжуд газ қувурларининг учдан бир қисми ҳам Россиядан келади. Шунингдек, Норвегия ва Голландия ҳам йирик етказиб берувчилар ҳисобланишади, аммо уларнинг улуши Россияникидан анча камроқ.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг энергия бўйича мутахассиси Никос Цафос Европа Россия газисиз жуда қийналишини қайд этди.

«Европа ҳар йили тахминан 400 миллиард кубометр газ импорт қилади. Россия Европага 175 дан 200 миллиард кубометргача газ етказиб беради. Савол: Европа муқобил газ етказиб бериш ва/ёки ундан фойдаланишни қисқартириш орқали яна 175−200 миллиард куб м. газ топа оладими? Бу жуда қийин», — дейди у.

Мутахассис Европанинг суюлтирилган табиий газни (СТГ) импорт қилиш қуввати 240 миллиард кубометрни ташкил қилишини айтган. «Аммо бу қувватларнинг аксарияти Испанияда жойлашган. Европанинг қолган қисмидан узилган. Баъзи ҳудудларда СТГ қуввати Россия газининг ўрнини қоплаш учун етарли, лекин аксарият ҳудудларда — етарли эмас. Германияда СТГ терминаллари йўқ, улар энди қурилмоқда. Улар йилига 20 миллиард куб.м қувватга эга бўлади».

«Европа 2021 йилда 108 миллиард кубометр суюлтирилган табиий газ импорт қилди (Халқаро энергетика агентлиги маълумотига кўра 140 млрд куб.м. — таҳр.). Агар Испания ҳисобга олинмаса, Европада тахминан 130 миллиард кубометр бўш СТГ қувватлари бор. Бу тахминан 175 миллиард кубометрлик Россиядан олиб келиниши керак бўлган газ ўрнини қоплаш учун етарли эмас. 2022 йил январь ойида Европанинг СТГ импорти тахминан 16 миллиард куб метрни ташкил этди (12 миллион тонна). Тизим деярли тўлиқ қувват билан ишламоқда», — дейди Цафос.


Европа суюлтирилган табиий газни қайси давлатлардан импорт қилади (млн тоннада)

Мутахассис Европа суюлтирилган табиий газ бозорининг кичик бир қисми эканлигини, лекин бу бозорнинг ўзи катта эмаслигини таъкидлаган. «Агар сизга Европа учун, айтайлик, 100 миллиард кубометрк суюлтирилган табиий газ керак бўлса, уни топишнинг деярли иложи йўқ. Агар Хитой бир йил давомида СТГ импортидан воз кечишини тассавур қиладиган бўлсак, ҳатто бу ҳам Европанинг Россиядан импорт қилган эҳтиёжларини қоплаш учун етарли бўлмайди», — деб ҳисоблайди у.

Цафос апрель ёки июнь ойларида Россия газисиз яшаш мумкинлигини таъкидлади. «Бу вақтда газ жуда зарур эмас. Январь ойида эса газ керак. Энг муҳим масала — бу газни қишда етказиб бериш имконияти. Қишки талабни қондириш учун кўплаб омборлар керак. Уларни эса ўз навбатида тўлдириш зарур (2021 йил қайтарилмаслиги учун). Йиллик ўртача кўрсаткичлар Европанинг газ хавфсизлиги ҳақида гап кетганда деярли маъносиз. Энг муҳими қишки талаб», — дейди у.

«Газ даромадлари Россия ташқи балансининг кичик бир қисмидир. Агар „барча“ энергия экспорти зарар кўрган бўлса ҳам, Россия бошқа тармоқларда ўзининг импорт эҳтиёжларининг кўп қисмини қоплаш учун етарли миқдорда экспортга эга», — дейди Никос Цафос.

Европанинг газ қарамлиги

Европада содир бўлаётган энергия инқирози 2021 йилда бошланган эди. Сентябрь ойида еврозонада инфляция даражаси 3,4 фоизга кўтарилди. Энергия нархлари инфляцияси эса 17 фоиздан ошди. Франция иқтисодиёт ва молия вазири Бруно Ле Мей ЕИ энергия бозорининг асосий камчилиги — бу электр энергияси умумий нархининг табиий газ нархига боғланганлиги эканлигини қайд этган эди.

Euronews нашрига кўра, дунё миқёсида COVID-19 билан боғлиқ карантин чекловларининг юмшатилиши ёки бутунлай бекор қилиниши ва мамлакатлар ташқи иқтисодий алоқаларининг қайта тикланиши кўплаб турдаги товарларга, шу жумладан, табиий газга бўлган глобал миқёсдаги ялпи талабни рағбатлантирган.

Европа парламенти Газпром (Россия) «Шимолий оқим 2» (NS2) газ қувурини ишга туширилишига эришиш мақсадида қасддан ЕИга газ етказиб бериш ҳажмини оширишга шошилмаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Комиссияни бу борада текширув ўтказишга чақирган эди.

2021 йилнинг сентябрь бошида Газпром NS2 газ қувурини қуриш ишлари якунланганлиги ҳақида расман хабар берди. Кейинги босқичда NS2`ни ишга тушириш Германия томонидан маъқулланиши керак эди. Бироқ юқорида айтилганидек, ҳозирда сертификация тўхтатилган.

NS2 газ қувури Россиядан Европага Болтиқ денгизи орқали газ етказиб берилишини таъминлайди. Узунлиги 1200 км бўлган мазкур газ қувурининг қуввати йилига 55 млрд метр-кубга тенг бўлиб, ЕИга газ етказиб бериш умумий қувватини икки баробарга ошириш имконини беради. Маълумотларга кўра, NS2`нинг ишга туширилиши Россиянинг минтақага газ экспорти ҳажмини икки бараварга оширар экан, ўз навбатида, унинг минтақа энергия бозоридаги монополиясини мустаҳкамлайди. Бу мамлакатга бозордаги газ нархи устидан назорат ўрнатиш имконини бериши мумкин.

Европа комиссияси раҳбари Урсула Фон Дер Ляен Европани газ билан таъминлаш масаласи ҳақида гапирар экан, минтақанинг Россиянинг газига қарамлиги сиёсий босим воситасига айланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.

«Европанинг Россия газига қарамлиги сиёсий босим воситасига айланиши мумкин, Европа ўз газининг 90 фоизини импорт қилади ва бу газнинг 40 фоиздан ортиғи Россиядан келади. Рекорд даражадаги нархлар ва талабнинг катталигига қарамасдан, бизга [газ] етказиб беришни оширишга ҳеч қандай қизиқиш бўлмаяпти. Бу „Газпром“ томонидан жуда ғалати ҳаракат», — дейди Европа комиссияси раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Норвегия, АҚШ, Қатар ва Озарбайжон билан суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Европанинг асосан Қатардан умидлари катта.

«2021 йилнинг иккинчи ярмида нархлар кўтарилди ва барча ишлаб чиқарувчилар бундан фойдаланишга уринди. Суюлтирилган табиий газнинг экспорт ҳажми ўзининг энг юқори чўққисида бўлиб турган вақтда Қатар шунчаки қўлини чўзиб, диванининг тагидан бир неча миллион тонна газ ололмайди», — дейди Middle East Economic Survey бош муҳаррири Жейми Инграм.

Қайд этилишича, Европада Россия газининг ўрнини тўлдириш учун янги ишлаб чиқаришни тезда йўлга қўйишнинг иложи йўқ, бунинг учун йиллар керак бўлади. Газни бир бозордан иккинчи бозорга оддийгина кўчириб ҳам бўлмайди. Биринчидан, узоқ муддатли шартномалар мавжуд ва газ ишлаб чиқарувчилар қисман бўлсада бу шартномалар бўйича Осиё бозорларига газ етказиб беришга мажбур. Иккинчидан, Қатар Осиёдан ўзининг барча газини қайтариб олса ҳам, бу Европа талабларини қондиришга етмайди.

Газ қарамлигини камайтириш мақсадида, 2022 йилнинг бошида Европа Иттифоқи АҚШ, Қатар ва Озарбайжондан газ олиб келишни муҳокама қилган эди.

«Биз (Россия билан) дипломатиянинг барбод бўлиши эҳтимолига тайёр бўлишимиз керак. Биз барча вариант ва сценарийларни кўриб чиқмоқдамиз, шунингдек, Россиядан етказиб бериш кечикиши ёки тўхтатилиши ҳолатларида АҚШ, Қатар ва Озарбайжон каби ҳамкорлар билан газ етказиб берилиши бўйича ишлаяпмиз», — деб ёзган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррел.

Ҳамма бир-бирига қарам (ми)?

Энергия хавфсизлиги миллий жамғармаси таҳлилчиси Игорь Юшковнинг тушунтиришича, «Қатар одатда, йилига 106 миллиард кубометр газ ишлаб чиқаради, Россия эса ўтган йили Европанинг ўзигагина 175 миллиард кубометр газ экспорт қилди. Бундан ташқари, Қатар шу 106 миллиард кубометрдан 30 миллиардини Европага шундоқ ҳам етказиб беради. Яъни атиги 70 миллиард кубометр газни Европа (бозори)га қайта йўналтириш мумкин, бу ҳам назарий жиҳатдан, сабаби ушбу газ бўйича шартномалар тузиб бўлинган».

Игор Юшковнинг сўзларига кўра, Европа Россия газ таъминотига жуда қарам, шу билан бирга Россия ҳам савдо бозори сифатида Европага қарам. Агар Россия Европага газ етказиб беришни тўхтатса, унда у ўз газини қўядиган жой тополмайди. Ишлаб чиқаришни тўхтатиб, катта йўқотишларга учрашга тўғри келади.

Европа энергея инқирозига қарши қандай курашмоқчи?

3 март куни Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) мутахассислари Европанинг Россия газига қарамлигини камайтиришга ёрдам берувчи 10 бандлик режани ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Унга кўра, 2022 йилда кўриладиган чоралар Россиядан газ импортини учдан бир қисмга камайтиради, қўшимча ҳаракатлар эса Россия газининг импортини 50% дан кўпроққа камайтиради.

«2021 йилда Европа Иттифоқи Россиядан қувур линияси орқали кунига ўртача 380 млн кубометр газ ёки умуман йил давомида тахминан 140 миллиард кубометр газ импорт қилди. Бундан ташқари, тахминан 15 миллиард кубометр суюлтирилган табиий газ (СТГ) шаклида етказиб берилди», — дейилади ҳужжатда.

Европанинг Россия газига қарамлигини камайтириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар Норвегия ва Озарбайжондан газ импорти ва Россияга тегишли бўлмаган газ қувурлари қурилишининг кўпайиши, шунингдек биогаз ва биометан етказиб беришни кўпайтириш имкониятини кўзда тутади.

Бундан ташқари, 1 октябрга қадар газ омборлари ишчи қувватинини камида 90% га тўлдириш, Европа Иттифоқи мамлакатларининг газ сотиб олиш бўйича ҳаракатларини мувофиқлаштириш, биноларнинг томларига қуёш фотоэлектр тизимларини интенсив равишда жойлаштириш, биоэнергия электр станциялари ва шамол турбиналари қурилишини тезлаштириш таклиф этилади.

Шунингдек, ер остидаги илиқ сувни юқорига олиб чиқадиган иссиқлик насослари ёрдамида турар-жой бинолари ва кичик бизнес объектларини иситишни кенгайтиришга имкон берувчи лойиҳаларга инвестицияни ривожлантириш кўриб чиқилмоқда.

Россия энергетика ва Молия институти катта мутахассиси Сергей Кондратьевнинг фикрига кўра, Россия газининг ўрнини қоплаш имконсиз — дунёда муносиб муқобиллар мавжуд эмас.

«Дунёдаги барча етакчи етказиб берувчилар бор кучида ишламоқда. Янги лойиҳалардан фақат Midcat ва Baltic Pipe газ қувурларини қайд этиш мумкин. Midcat Жазоир ва Марокашдан Испанияга ёқилғи етказиб беришни кўпайтириши керак. Baltic Pipe эса Норвегияни Польша билан, Болтиқбўйи давлатларини Финляндия билан сув ости трубаси орқали боғлайди», — дейди Сергей Кондратьев.

Мутахассисга кўра, бу лойихалар берадиган газ ҳажмини Россия газ экспорти билан умуман таққослаб бўлмайди.

Шунингдек, Россиянинг миллий энергетика институти директори ўринбосари Александр Фролов Норвегиянинг газ экспорт қилиш потенциалининг таъсирига шубҳа билдирди.

«Норвегияда ишлаб чиқарилаётган 125 миллиард кубометр ёқилғидан ҳар йили 120 миллиард кубометрга яқини ташқи бозорларга экспорт қилинади. Скандинавия мамлакатининг ички қувватлларининг захираси глобал таъминотнинг ҳатто озгина ўсиши учун ҳам етарли бўлмайди», — деб тушунтирди Фролов.

Кондратьевнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқидаги энг катта газ кони ҳисобланадиган Нидерландиядаги Гронинген ҳозир ёпилиш арафасида турибди. 1963 йилда коннинг умумий қуввати 2,9 трлн кубометр бўлган ва 2022 йилнинг охиригача Гронинген Европага 25−30 миллиард кубометр газ етказиб бериши мумкин, аммо сейсмик хавф-хатарлар сабаб Нидерландия хукумати кон фаолиятини тўхтатмоқчи.

Европа Озарбайжондан ҳам газ экспорт қилишни режалаштирмоқда, аммо Александр Фроловнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Озарбайжон билан йилига умумий қуввати 16 миллиард кубометр бўлган ягона қувур орқали боғланган. Уларнинг 6 миллиарди Туркияга тўғри келади. 2 миллиард Болқон давлатларига ва 8 миллиард кубометри Италияга боради. Мутахассиснинг фикрига кўра, агар Озарбайжон қўшимча 10 миллиард кубометр газ олиш имкониятини топса ҳам, уларни чет элга олиб чиқа олмайди.

Россия энергетика ва Молия институтининг энергетика йўналиши бўйича директори Алексей Громовнинг айтишича, суюлтирилган табиий газ сектори — Россия газ экспортини сиқиб чиқариши мумкин бўлган ягона сектордир. Унинг сўзларига кўра, бу борада АҚШ ва Қатарга кўп нарса боғлиқ.

«2026 йилгача Қатарнинг Европага суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспорти 16−17 миллиард кубометрга кўпайиши мумкин. 2023 йилнинг охирига келиб АҚШ СТГ заводларининг қуввати 30 млн тоннага ошади (1 тонна суюлтирилган табиий газ 1,3 кубометр табиий газга тенг — таҳр). Ҳозир АҚШда ортиқча 19 млрд кубометр, ёки 14 млн тонна СТГ мавжуд», — дейди Алексей Громов.

Brookings институти мутахассиси Саманта Гросснинг таъкидлашича, АҚШ Конгресининг баъзи аъзолари мамлакатда инфляцияга қарши курашиш учун табиий газ экспортини чеклашга чақиришмоқда. АҚШ СТГ экспорти Европада газ бозорини стабиллаштиришнинг муҳим қисмидир, дейди Гросс. Унинг айтишича, АҚШ СТГ ишлаб чиқарувчилари Европада газ нархи ошишига жавобан экспортни сезиларли даражада оширган ва январь ойида АҚШ дунёда СТГ экспорти бўйича етакчи ўринни эгаллаган.

«Европада табиий газнинг ўрнини қоплаш Россия президанти Владимир Путиннинг „табиий газ қуроли“ таъсирини камайтиради», — дейди Саманта Гросс.

Россиялик мутахассис Алексей Громовга кўра, Қатар ва АҚШ яқин ойларда дунё бозорига 35 млрд кубометр қўшимча СТГ экспорт қилиши мумкин, аммо шу кўрсаткичлар ҳам Россиянинг 200 млрд кубометрга баҳоланаётган газ экспортидан бир неча баравар кам.

Европа комиссияси Россия газидан 2030 йилдан анча олдинроқ воз кечишни тезлаштириш бўйича REPower EU режасини ишлаб чиқди. Ҳужжат шу йил охирига қадар газ таъминотига қарамликни 67 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда.

Германия вице-канцлери Роберт Хабек Германия Россиянинг энергия таъминотидан воз кечишга тайёрлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Германия газ соҳасида «қиш ва ёзни яхши ўтказади», нефть захиралари 3 ойга етади, кўмир эса «бундан ҳам кўпроққа етади». Умуман олганда, Германия энергетика секторининг захиралари ва имкониятлари уч йил давомида етиши таҳмин қилинган.

Европа комиссияси раҳбари ўринбосари европаликларга ЕИни Россия олдида энергия барқарорлигига эришиши учун иситиш тизими ва квартираларидаги ҳароратни пасайтиришни таклиф қилди.