Британия ҳукумати Россия компаниялари ва жисмоний шахсларининг активларини музлатиб қўйиши мумкин

Агар Россия Украинага бостириб кирса, Буюк Британиянинг Россияга қарши янги санкциялари «Кремлга алоқадор» олигархлар сармояларига ва компанияларга қаратилади, деб ёзади Тhe Times.

31 январь куни Британия парламенти депутатларига тақдим этилган режаларга кўра, ҳукумат Россия ҳукумати учун «стратегик аҳамиятга эга» бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг активларини музлатиб қўяди ва саёҳатларни тақиқлайди. Нашр манбасининг таъкидлашича, янги санкциялар «Россияга ҳақиқатан ҳам оғриқ келтирадиган жойга зарба беради».

Россия Буюк Британия расмийлари жорий этишга тайёрланаётган санкцияларни жавобсиз қолдирмайди, деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. У Лондон томонидан россиялик «олигархлар»га нисбатан эълон қилинган чораларни хавотирли деб атади. Кремль вакилининг сўзларига кўра, бу санкциялар «инвестицион жозибадорликка ва умуман, Буюк Британияга ҳам худди шундай таъсир кўрсатади» — Коммерсантъ.


ОИВга чалинган Жанубий Африка фуқаросида коронавируснинг 21 мутацияси аниқланди

Social Science Research Network (SSRN) сайтида чоп этилган тадқиқотга кўра, Жанубий Африкада ОИВ-мусбат билан оғриган аёл тўққиз ой давомида коронавирус билан касалланган, шу вақт ичида патоген унинг танасида 21 та мутацияни тўплаган.

Таъкидланишича, у ОИВ инфекцияси билан туғилган. Узоқ вақт давомида ушбу касалликдан тўғри даволанмаган — РИА Новости.


Польша Миллий хавфсизлик бюроси Украинага ҳарбий ёрдам жўнатилишини тасдиқлади

Польша Украинага «бир неча ўн минглаб» мудофаа қуролларини етказиб беришга қарор қилди, деди мамлакат Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солох. У гап қайси қурол ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Аввалроқ Украина мудофаа вазири Алексей Резников Польша Украинага ҳарбий ёрдам таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.

«Украинага мудофаа қуролларини топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди», деди Солох журналистларга. Унинг таъкидлашича, бу қуроллар «ҳужум эмас, мудофаа операциялари учун» мўлжалланган. Етказиб бериш бўйича якуний қарорни республика мудофаа вазири Мариуш Блашак қабул қилади.

Бундан ташқари, бир қатор давлатлар, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Канада Россия қўшинларининг эҳтимолий бостириб кириши муносабати билан Украинага ёрдам беришини эълон қилди. НАТО Шарқий Европадаги мавжуд жойларига қўшимча кучлар жўнатмоқчи. Россия қўшни давлатга ҳужум қилиш режаларини бир неча бор рад этган — Коммерсантъ.


Европа Иттифоқи Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилган тақдирда АҚШ, Қатар ва Озарбайжондан газ олиб келишни муҳокама қилмоқда

Европа Иттифоқи дипломатик мағлубият эҳтимолини кўриб чиқиб, Россия ҳаракатларининг барча имкониятларини ўрганмоқда, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррел. Унинг сўзларига кўра, АҚШ, Қатар ва Озарбайжон билан газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

«Биз дипломатиянинг барбод бўлиши эҳтимолига тайёр бўлишимиз керак. Биз барча вариант ва сценарийларни кўриб чиқмоқдамиз, шунингдек, Россиядан етказиб бериш кечикиши ёки тўхтатилиши ҳолатларида АҚШ, Қатар ва Озарбайжон каби ҳамкорлар билан газ етказиб берилиши бўйича ишлаяпмиз», — деб ёзди Боррел Европа дипломатияси веб-сайтидаги блогида.

Москванинг Россияга ташриф буюриши тақиқланган европалик дипломатлар рўйхатини кенгайтириш ҳақидаги қарори «ҳеч қандай қонуний асос ва шаффофликка эга эмас», деди Боррел.

«Россия бу қарори билан деэскалацияга ҳисса қўшиш ўрнига Европада кескинлик муҳитини сақлаб қолишда давом этмоқда», — дея қўшимча қилди у. Эслатиб ўтамиз, ЕИ аввалроқ Россия ТИВ ҳаракатларига жавоб беришга ваъда берган эди — Коммерсантъ.


Покистон жануби-ғарбида содир бўлган теракт оқибатида камида 17 киши яраланди

30 январь куни Покистоннинг Белужистон вилоятида экстремистлар томонидан граната ҳужуми оқибатида камида 17 киши яраланди. Бу ҳақда полиция ТАССга хабар берди.

Маълумотларга кўра, воқеа Дера Аллоҳ Яр шаҳрида содир бўлган, мототциклда ҳужум қилганлар оломонга қўл гранатасини улоқтирган. Портлаш оқибатида 17 киши, жумладан, икки йўл полицияси ходими жароҳатланган.

Жароҳатланганлар шифохонага етказилган. Улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир, дея аниқлик киритди нашр.

Ҳозирча мамлакатда фаолият юритаётган экстремистик гуруҳларнинг ҳеч бири содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.


Португалиядаги парламент сайловларида ҳукмрон Социалистик партия ғалаба қозонди

Португалияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ҳукмрон Социалистик партия 41,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, дея хабар бермоқда Коммерсантъ. Социалистлар республика Ассамблеясида (бир палатали парламент) 230 ўриндан 117 тасини олади. Кўпчилик бўлиш учун камида 116 ўрин олиш керак эди. Шу тариқа, партия етакчиси Антонио Коста бош вазир лавозимини сақлаб қолади.

Мамлакатда иккинчи ўринда турган Социал-демократик партия 27,8 фоиз овоз ва парламентдан 71 ўринни қўлга киритди. Ўта ўнгчи Chega партияси 7 фоиз ва парламентдаги 12 ўрин билан учинчи ўринни эгаллади. Сўлчилар ва Коммунистик партия 2019 йилги сайловларга нисбатан ўз мавқеини янада ёмонлаштирди ва бирорта ҳам ўринга эга бўлмади.