Россия Марказий банки аҳолининг валютадаги омонат ва ҳисоб-рақамларидан хорижий валюталарни ечиш бўйича чекловлар жорий қилди.

Унга кўра, 9 сентябрга қадар хорижий валюта ечиб олмоқчи бўлган россияликлар 10 минг АҚШ долларидан ортиқ пул ечиб ололмайди. Бу кейинги 9 ой давомида умумий ечиб олиниши мумкин бўлган маблағ. 10 минг доллардан ортиқ маблағлар пул ечилаётган кундаги курс билан рублда берилади.

Шунингдек, банклар мижозлари хорижий валютани фақат АҚШ долларида ечиб олишлари мумкин бўлади. Бошқа валюталар пул ечилаётган кундаги курс билан долларга конвертация қилиниб берилади.

Россия фуқаролари хорижий валюталарда ҳисоб-рақамлари ва омонатларни сақлашда давом этишлари мумкин бўлади, уларнинг шартлари ўзгармайди. Хорижий валютадаги янги ҳисоб-рақамларини очишга ҳам рухсат берилган.

Ушбу муддат давомида банклар томонидан фуқароларга нақд валюта сотилмайди. Шу билан бирга, нақд хорижий валютани исталган миқдорда рублга алмаштириш мумкин бўлади.

Россиянинг «Сбер» банки ўз мижозларига нақдсиз хорижий валютани банк иловалари ёки биржада чекловларсиз сотиб олиш мумкинлигини маълум қилди.

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ортидан ғарб мамлакатлари Россияга қарши санкцияларни оширмоқда. Санкцияга тушганлар қаторида мамлакатнинг қатор банклари ҳам бор («ВЭБ.РФ», «Сбер», «Газпромбанк» , «Альфа-банк», «Открытие» ва «Совкомбанк»).

Европа иттифоқи Россия Марказий банкининг активларини музлатиб қўйди ва шу орқали регуляторнинг рубль курсини халқаро келишувлар ҳисобига қўллаб-қувватлаш имкониятини чеклади. Шунингдек, ЕИ Россияга евро банкноталарини сотиш ва етказиб беришни тақиқлади.

Бунинг ортидан Россияда 10 минг доллардан ортиқ миқдорда хорижий валютани олиб чиқиш тақиқланди. Чет элга пул ўтказмалари ойига 5 минг доллар миқдорида чекланди. Бундан олдин экспорт қилувчиларга хориждан олинган хорижий валюта ўтказмаларининг 80 фоизини сотиш мажбурияти юкланди.

Шунингдек, Россия Марказий банки, биржада доллар, евро ва фунт сотиб олмоқчи бўлган жисмоний шахслар учун комиссия 30%дан кам бўлмаслигини белгилади (кейинроқ 12%га туширилди).