28 февраль куни Россия президенти Владимир Путин «АҚШ ва уларга қўшилган хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг нодўстона ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чораларни қўллаш тўғрисида»ги фармонни имзолади, дея хабар қилди РИА Новости.

Ҳужжат қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

  • ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари 2022 йил 1 январдан бошлаб хориждан олинган хорижий валюта ўтказмаларининг 80 фоизини сотиш мажбуриятини оладилар. Шу вақтга қадар тўпланган маблағлар уч кун ичида сотилиши керак. Жараённи назорат қилиш Россия банкига топширилди;
  • резидентларга норезидентлар фойдасига валютани қарз сифатида ўтказиш операцияларини амалга ошириш тақиқланади;
  • резидентларга хориждаги банк ва ташкилотларда очилган ҳисобварақларига хорижий валютани киритиш, шунингдек, хорижий электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб очмасдан маблағ ўтказиш тақиқланади.

«Бу хорижга барча пул ўтказмалари ҳақиқатда тўхтатилганлигини англатади, — дея аниқлик киритди Олий Иқтисодиёт мактаби қошидаги Банк институти директори Василий Солодков «Медуза»га. — Сиз жисмоний шахс сифатида ҳисобингизга пул ўтказа олмайсиз, шартнома бўйича тўлай олмайсиз, хорижий тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда пул ўтказа олмайсиз. Ҳар қандай трансфер имконсиз бўлиб чиқади, бу ҳисоб-китобларнинг тўхтатилиши дегани».

Жорий йилнинг 31 декабрига қадар корхоналар ўзлари жойлаштирган қимматли қоғозларни (уларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида муомалада бўлган акцияларни сотиб олишдан ташқари) бир қатор шартлар асосида сотиб олишлари мумкин.

Фармон банкларга бошқа ташкилотдан маблағ ўтказиш ҳақида гап кетганда, жисмоний шахснинг шахсий иштирокисиз ёки унинг вакили иштирокисиз ҳисоб рақамини очишга рухсат беради. Бунинг учун ҳисоб аллақачон очилган молия ташкилоти жисмоний шахсни идентификация қилиш учун маълумот тақдим этиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Россия Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб давлатлари томонидан мамлакатнинг бешта йирик банки, жумладан, Сбербанк ва ВТБга санкция жорий этилди. Айрим давлат компаниялари учун хориждан капитал жалб қилиш қийинлашди. Европа Иттифоқи ҳар қандай рус самолётларига Иттифоқ давлатлари ҳудудига қўниш, учиш ёки учиб ўтишни тақиқлади.