Россия президенти Владимир Путин қиймати 10 минг доллардан ортиқ бўлган нақд валютани мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлади. Тақиқ 2 мартдан кучга киради, дея хабар беради «Интерфакс» давлат раҳбари фармонига таяниб.

Илгари Россия Федерациясидан 10 минг доллардан ортиқ эквивалентдаги нақд пулни олиб чиқишда пул миқдори декларация қилиниши керак эди.

Владимир Путин, шунингдек, Россия Федерациясининг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча вақтинчалик иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Унда айтилишича, ушбу чоралар «Америка Қўшма Штатлари ҳамда уларга қўшилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг нодўстона ва халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлари» туфайли юзага келган ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, 2 мартдан бошлаб дўстона муносабатда бўлмаган мамлакатлардан келган шахсларнинг қимматли қоғозлар, кўчмас мулк билан операциялари, шунингдек, уларга рубл кредитлари бериш фақат ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилади.

Россияда Ғарб санкциялари фонида хорижий бизнесга ҳам активларидан чиқиши вақтинча тақиқланиши мумкин, деди бош вазир Михаил Мишустин иқтисодий масалалар бўйича йиғилишда.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин санкцияларга қарши курашиш бўйича махсус иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, резидентлар эндиликда хорижда очилган ҳисоб рақамларига хорижий валютани киритиш, шунингдек, хорижий электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳисобварақ очмасдан маблағ ўтказиш имконига эга эмаслар.