«Тошкент» аэропортининг маҳаллий авиайўналишлар терминалида иккинчи А321nео НХ ҳаво кемаси тантанали кутиб олинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳаво кемаси Uzbekistan Airways экипаж аъзолари — Максим Шулепин ва Нагай Евгений бошқарувида олиб келинди.

«Мазкур самолёт Евроосиё қитъаси бўйлаб деярли тўла юк билан парвозларни амалга ошириши мумкин. Масалан, Ўзбекистон пойтахтидан анча узоқ бўлган Тошкент — Лондон, Тошкент — Сеул, Тошкент — Куала Лумпур каби йўналишларда қатновни амалга оширади», — дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, самолётнинг максимал учиш вазни 97 тоннани ташкил этади. Шунингдек, у 23 минг кг тижорат юкларини таший олади. Ҳаво кемаси 188 йўловчини ташишга мўлжалланган бўлиб, шундан 16 таси бизнес-класс, 172 таси эса эконом класс ўриндиғи ҳисобланади.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airways парки ҳозирда 26 та йўловчи ҳаво кемасига, жумладан, 12 та Airbus лайнерлари (A320 — 9, A320neo — 3, A321LR — 2) эга. Авиакомпания янги йўналишларни очиш, Европа ва Осиё мамлакатларига аввалги машҳур бўлган йўналишларни қайта тиклашни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Uzbekistan Airways узоқ масофага мўлжалланган илк A321LR ҳаво кемасига эга бўлди. Ўша пайтда йил охиригача яна тўртта самолёт етказиб берилиши режалаштирилгани маълум қилинди.