БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси хабар беришича, Россия Украинага ҳужум бошлаган 24 февраль санасидан 5 мартга қадар 364 нафар тинч аҳолининг, шу жумладан, 25 нафар боланинг ўлими ҳамда 759 нафар фуқаронинг жароҳатлангани тасдиқланди.

«Қурбонларнинг аксарияти катта майдонга зарар етказувчи портловчи қуроллардан, шу жумладан, оғир артиллерия ва реактив кўп зарядли ракеталар, авиация-ракеталаридан ўққа тутилиши оқибатида келиб чиққан» — дейилади БМТ бошқармаси хабарида.

Шунга қарамасдан ҳисоботда таъкидланишича, аслида ҳақиқий рақамлар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, чунки фаол жанглар олиб борилаётган ҳудудлардан олинган маълумотлар кечикиш билан етиб келади, қолаверса, кўплаб маълумотлар ҳануз тасдиқланишини кутмоқда.

Айни вақтда Украинада фуқаролик инфратузилма объектларига ҳужумлар давом этмоқда.

Харьков

Харьковнинг Шимолий Салтов туманига 5 март куни қилинган авиаҳужумлар оқибатида 10 кўп қаватли уйларга зарар етди, жумладан, уларнинг юқори қаватидаги хонадонлар ёниб кетди, деб хабар берди Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати. 6 март куни кечаси Янги Салтов бозори снаряд ёрдамида вайрон қилинган.

Янги Салтов бозори. Фото: instagram.com/fomenko_ph.

Якшанба куни кечаси Харьков ҳаводан бомбардимон қилинди. Бунинг оқибатида кўп қаватли турар-жойлар, маъмурий бинолар, тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда ётоқхоналар тўлиқ ёки қисман вайрон бўлди, деб хабар берди ДФВХ.

Қутқарувчиларнинг маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида шаҳарнинг марказий қисмидаги 21 та бинода, шу жумладан турар-жой бинолари, Харков мусиқа коллежи, талабалар ётоқхоналари ва тиббиёт муассасасида кенг кўламли ёнғинлар содир бўлган.

Ëнғинларни бартараф этиш ва вайронгарчиликлар орасидан 200 киши қутқариб олинган ва эвакуация қилинган. Ўт ўчирувчилар 8 кишини бино босиб қолганини аниқлашган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақидаги якуний маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Винница

6 март куни Винницадаги туманда ракета ҳужумлари натижасида ёқилғи-мойлаш материаллари омборида ракета ҳужумлари натижасида ёнғин чиқди, маъмурий бино қисман вайрон бўлди, деб маълум қилишда қутқарувчилар.

Авиаҳужум Винница аэродромида ҳам кузатилди. Винница вилояти давлат маъмурияти раҳбари Сергей Борзовнинг сўзларига кўра, ушбу аэродром ҳарбийлар ва фуқаролар фойдаланишидаги объект бўлган.

Винница аэродроми. Фото: fb.com/borzov.s.s

«Учиш-қўниш йўлаги кўпдан бери реконструкция қилинаётганлиги сабабли аэродромда авиация техникалари бўлмаган», — дея Украина Қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Юрий Игнатнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Винница вилояти раҳбари.

Аэродромга қилинган авиаҳужумлар оқибатида тахминан 10 нафар ҳарбий ва аҳоли ҳалок бўлган, деб аниқлик киритди Сергей Борзов.

Николаев

7 март куни эрталаб Николаев шаҳридаги турар-жой бинолари «Смерч» кўп зарядли ракета тизимларидан ўққа тутилди, деб хабар қилди ДФВХ. Натижада турар-жой ҳудудида ва саноат объектларида бешта ёнғин содир бўлди («Зоря» — «Машпроект» газ турбинаси қурилиши илмий — ишлаб чиқариш мажмуаси). Вайронгарчиликлар ва жабрланган тўғрисидаги маълумот аниқлаштирилмоқда.

Николаевдаги турар-жой биноси. Фото: ДФВХ.

Краматорск

6 март куни Краматорскда отишма оқибатида снаряд 9 қаватли турар-жой биносининг 4 ва 5-қаватлари орасида келиб тушди, деб хабар берди қутқарувчилар. Тахминий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 5 киши эса жароҳатланди.

Россия Мудофаа вазирлиги баёноти

Россия Мудофаа вазирлиги 6 март куни «юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қуроллар билан Винникадаги Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг аэродроми йўқ қилинганини» тасдиқлади.

«Киев режимининг деярли барча жанговар самолётлари йўқ қилинди. Шу билан бирга, биз аввалроқ Руминия ва бошқа чегарадош мамлакатларга учиб кетган Украина жанговар самолётлари ҳақида ишончли маълумотларга эгамиз», — дейилади хабарда.

«Россиянинг юқори аниқликдаги узоқ масофали воситалари билан Украинанинг ҳарбий техника ва қуроллари сафдан чиқарилмоқда… Украинани демилитаризация қилиш вазифасини бажариш доирасида Россия Қуролли кучлари Украина мудофаа ва саноат корхоналарини юқори аниқликдаги қуроллар билан зарарсизлантиради», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

«Махсус ҳарбий операция давомида АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштириладиган Украинада амалга оширилаётган ҳарбий-биологик дастурнинг Киев режими томонидан шошилинч тозалаш ҳолатлари бўйича далиллар аниқланди. Биз Украина биологик лабораториялари ходимларидан 24 февраль куни вабо, куйдирги, туляремия, холера ва бошқа ўлимга олиб келувчи касалликларнинг хавфли потогенларини фавқулодда йўқ қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни олдик», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» журналистика стандартлари риоя қилади ҳамда расмий ва тасдиқланган ахборот фойдаланади. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида ҳар доим ҳам можаронинг турли томонлари тарқатаётган маълумотларни тезкорлик билан текширишнинг имкони бўлмайди.