Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Россияда фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда ушбу тўлов тизимларининг расмий сайтида эълон қилинди.

Visa

Қайд этилишича, Visa тўлов тизими транзакцияларни тўхтатиш учун мижозлари ва ҳамкорлари билан иш олиб боради. Ушбу ишлар якуллангач, Россия эмитентлари томонидан чиқарилган Visa карталари Россия ташқарисида ишламайди (Ўзбекистонда ҳам). Шунингдек, Россиядан ташқаридаги банклар томонидан чиқарилган Visa карталари ушбу мамлакат ҳудудида ишламайди.

«Биз Россиянинг Украинага асоссиз бостириб кириши ва биз гувоҳи бўлган қабул қилиб бўлмас воқеалардан сўнг ҳаракат қилишга мажбурмиз», — деди Visa Inc компанияси раиси ва бош ижрочи директори Ал Келли.

Mastercard

Россияда чиқарилган Mastercard карталари ҳам бошқа давлатларда ишламайди ва Россия ташқарисида чиқарилган ҳар қандай Mastercard картаси рус банкларида ёки тўлов терминалларида ишламайди.

Шу жумладан, Ўзбекистонда эмиссия қилинган Visa ва Mastercard карталари ҳам Россияда ишламайди.

«Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида дунё Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган даҳшатли ва ҳалокатли воқеаларнинг гувоҳи бўлди… Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда ва ҳозирги можаронинг мисли кўрилмаган характерини ҳамда ноаниқ иқтисодий муҳитни ҳисобга олиб, биз Россиядаги тармоқ хизматларини тўхтатишга қарор қилдик», — дейилади компания хабарида.

Россия банклари томонидан чиқарилган Visa ёки Mastercard карталари билан операциялар Россияда ишлашда давом этади, деб тушунтирди Миллий тўлов карталари тизими вакиллари РИА Новости агентлигига.

Россия Марказий банки Visa ва Mastercard карталари билан барча трансчегаравий операцияларни амалга ошириб бўлмаслигини маълум қилди. Бу хорижий онлайн-дўконларда харидлар учун ушбу тизим карталари билан тўловлар қилиб бўлмаслигини ва чет элда ушбу карталардан фойдаланиб бўлмаслигини англатади. Россияликларга чет элга саёҳат қилишда нақд пул ва «Мир» картасини олиш тавсия этилди. Бугунги кунда ушбу карталар Туркия, Вьетнам, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Осетия ва Абхазияда қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Европа Иттифоқи Россиянинг 7 та банкини SWIFT тизимидан узиб қўйганди.

Visa — рақамли тўловлар бўйича жаҳон етакчиси бўлиб, 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда истеъмолчилар, савдогарлар, молия институтлари ва давлат тузилмалари ўртасида тўлов транзакцияларини амалга оширади.

Mastercard — халқаро тўлов тизими бўлиб, 210 та давлатдаги 22 000 та молия институтларини бирлаштирган трансмиллий молиявий корпорация ҳисобланади.