Европа Иттифоқи Россиянинг 7 та банкини SWIFT тизимидан узишга қарор қилди, дея хабар берди ТАСС.

Хабарга кўра, ВТБ (Россиядаги иккинчи йирик банк), Россия банки, «Открытие», Совкомбанк, Новикомбанк, Промсвязьбанк ва «Внешэкономбанк» (ВЭБ.РФ) SWIFT тизимидан узиб қўйилди.

Аввалроқ, «Совкомбанк» «Ўзагроэкспортбанк»даги 100% давлат улушини 4 млн долларга харид қилган эди.

Шунингдек, ЕИ Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси билан биргаликда молиялаштириладиган лойиҳаларга сармоя киритишни тақиқлади. Бундан ташқари, Евроиттифоқ Россияга евродаги банкнотларни сотиш, етказиб бериш ва экспорт қилишни ҳам чеклашга қарор қилди.

SWIFT тизимидан узиб қўйиш нимани англатади?

SWIFT — маълумотларни узатиш ва тўловларни амалга ошириш учун халқаро банклараро тизим. 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Бельгияда жойлашган. Ушбу тизим бутун дунё бўйлаб молия институтларига молиявий операциялар тўғрисидаги маълумотларни хавфсиз, стандартлаштирилган ва ишончли тарзда юбориш ва олиш имконини беради.

Тўлов тизимларидан (Visa ёки Mastercard) фарқли ўлароқ, SWIFT фақат трансфер хабарларини ташийди ва банклар ўртасида қўлланилади.

2015 йил ҳолатига кўра, дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатларида 11 мингдан ортиқ молия институтлари, шу жумладан мингга яқин корпорациялар SWIFT аъзоси ҳисобланади. Ўртача хабар алмашувлар сони кунига 30 миллиондан ортиқни ташкил этади. Ҳар куни тизим 5−6 трлн доллар миқдоридаги трансфертларни қайта ишлайди.

2021 йил 29 апрель ҳолатига кўра, Россиядаги деярли 300 та банк SWIFT тизимидан фойдаланади (Россияда рўйхатдан ўтган кредит ташкилотлари умумий сонининг ярмидан кўпи) — тизим фойдаланувчилари сони бўйича Россия АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. 2017 йил охирида SWIFT`нинг Россиянинг ички трафигидаги улуши (Россия ташкилотлари ўртасида молиявий хабарларни узатиш) россиялик SWIFT фойдаланувчилари томонидан юборилган хабарларнинг 78 фоизини ташкил этди.

Американинг Navigator Principal Investors компанияси директори Кайл Шостакнинг таъкидлашича, бутун мамлакатни SWIFT`дан узиб бўлмайди, бироқ бир қатор йирик давлат банкларини тизимга киришини чеклаш мумкин. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимдан узиб қўйиш Россия банк тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, жуда кучли иқтисодий санкциялар дастаги ҳисобланади.