3 мартдан Ўзбекистон банклари ўз кассаларида (айрибошлаш шохобчаларида) рублни сотиб олиш ва сотишни бошлади. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб иқтисодчи Отабек Бакиров хабар берди.

Марказий банк маълумотларига кўра, Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган пайтда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларига олиб келмоқда.

Шу муносабат билан Марказий банк барча тижорат банкларига Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда «сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш»ни тавсия қилди.

Банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берилди.

«Бу Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини Россия рублида юбориш ва республика ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради», — дейилади Марказий банк хабарида.

Регулятор жорий вазиятни кузатиб боришини, зарурат туғилганда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўришини маълум қилди.

Иқтисодчиларнинг реакцияси

Молиячи Отабек Бакировнинг огоҳлантиришича, агар рубль олиш ва сотиш бўйича торайтирилган маъмурий коридор, масалан ±1% қўлланиладиган бўлса, Ўзбекистонга вагонларда рубль киради ва Ўзбекистондан вагонлаб доллар чиқиб кетади.

«Ҳеч ким рубль олиш ва сотишга қаршимас, лекин бу мажбурият ҳам бўлмаслиги керак. Мазкур жараён очиқ бозор қоидалари, рублнинг конвертацияси кундан кунга чекланаёгани ва унинг устига ағанаган тоғдек рискларни инобатга олган ҳолда юз бериши лозим», — дея таъкидлади у.

валюта бозори, рубль

Материал эълон қилинган пайтда Россиянинг бир рубли 97−102 сўм оралиғида бўлган. Отабек Бакировнинг ҳисоб-китобига кўра, агар Россиядан рубль келтириб уни сўмга айлантириб, кейин доллар сотиб олинса, 1 доллар 112,78 рублга тушади.

«Солиштириш учун, Москва айирбошлаш шохобчаларида 1 доллар 130−160 рублдан сотилмоқда. Маъмурий йўл билан Москва биржасида шаклланаётган курс умуман бозорни белгиламайди. Россияликларнинг жамғарган рублларини Ўзбекистонга келтириб, долларга айлантириб олишлари учун барча шароитлар яратилиш бошланди», — дея таъкидлади у.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов айтишича, «рубль билан сўмни бир саватга қўйиш — рублдаги барча рискларни сўмга юклашга тенг бўлади».

«Минг марта айтган бўлса-да айтаман: бозорга қўйиб бериш керак. Ўзбекистонликлар хоҳласа — рублни олишсин, хоҳламаса — олишмасин», — деди у.