«Олий таълим соҳасидаги хизматлари учун» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги хизматлари учун» кўкрак нишонларини таъсис этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Кўкрак нишон олий ҳамда ўрта махсус таълим соҳасида ёшларни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган, фаол, ташаббускор, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқароларга берилади. Бунда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан бирга ғолибларга БҲМнинг 4 бараваригача (1 млн 80 минг сўм) пул мукофоти ҳам берилади. Тақдирлаш ҳар йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида ўтказилади.


«Ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги хизматлари учун» ҳамда «Олий таълим соҳасидаги хизматлари учун» кўкрак нишонининг диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.


Бунинг учун таълим муассасалари номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича ҳар йили 20 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таклиф киритади. Таклифда номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги 3 йил давомида самарали фаолияти акс эттирилган тавсифнома бўлиши керак.

Уни айнан йиғилган таклифларни кўриб чиқиш учун тузилган комиссия кўриб чиқади ва ҳар йили 15 сентябргача энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:

  • олий таълим муассасаларининг педагог ходимлари фаолиятини ўрганиш мезонларида қайд этилган кўрсаткичлар бўйича олинган юқори баҳолар;
  • талабалар орасида илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш, «устоз-шогирд» анъаналарини тарғиб қилишдаги фаол иштироки;
  • олиб бораётган илмий тадқиқотлари, ижодий фаолиятлари ва яратаётган ўқув-услубий қўлланмаларида янгиликларнинг кўплиги тан олинганлиги;
  • ўз педагогик фаолиятида турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиққанлиги.

Шунингдек, ўзи фаолият олиб бораётган олий таълим муассасасида амалга оширган ишлари туфайли ҳамкасблари томонидан чуқур ҳурматга сазоворлиги ҳисобга олинади.