Турсинхон Худойберганов яна Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири бўлди. Бу ҳақда ФВВ сайтидаги маълумотлар гувоҳлик бермоқда.

Турсинхон Худойберганов 2010 йилнинг мартидан 2016 йил декабригача ФВВга раҳбарлик қилган. Сўнгра президентнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият кўрсатишда давом этади.

ФВВ раҳбари Турсинхон Худойберганов (1951 йилда туғилган) — Тошкент педагогика институти (1974 йил) ва СССР ИИВ Академияси (1982) битирувчиси. 1974−1999 йилларда ИИВда турли лавозимларда ишлаган. 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2001−2006 йилларда — президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

Абдулла Қўлдошев фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи бўлган. 2005−2007 йилларда ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.