Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Маматов Раҳмат Тошназарович Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов янги бошлиқни таништирган.


Президентининг 2020 йил 18 февралдаги фармонига мувофиқ, Раҳмат Маматов маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига тайинланган эди.

Самарқанд вилояти ИИБнинг аввалги бошлиғи Раҳмонов Шавкат Наврўзович бошқа ишга ўтганлиги боис лавозимидан озод этилган.

Маматов Раҳмат Тошназарович — 1967 йили 10 декабрда Қашқадарё вилояти, Қарши туманида туғилган. Маълумоти — олий, ҳуқуқшунос, полковник ҳарбий унвонига эга.

Қарши давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тамомлаган.

Қашқадарё вилояти ИИБ тизимида турли лавозимларда, қолаверса, Баҳористон, Яккабоғ, Қарши туманлари, Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи сифатида ишлаган.

Қолаверса, ички ишлар вазири ўринбосари, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Навоий вилояти Халқ қабулхонаси мудири, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, Республика маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси лавозимларида фаолият юритган.