28 февраль куни Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўша Штатларининг C5+1″ шаклидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқдаТИВ матбуот хизмати.

«Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари „C5+1“ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар», — дейилади хабарда.

Хусусан, иқтисодиёт, хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, шунингдек, Афғонистондаги вазият юзасидан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ўз нутқида иқлим ва экологик ўзгаришларнинг оқибатларини юмшатиш, минтақада «яшил иқтисодий ўсиш»ни таъминлаш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ўзаро савдо, инвестиция ва транспорт алоқаларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш орқали «C5+1» йўналиши бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўз навбатида, 28 февраль куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот ўтказгани ҳақида хабар берган.

«Давлат котиби Блинкен Россиянинг Украинага ғаразли, сабабсиз ва оқлаб бўлмайдиган ҳужумини кескин қоралади ҳамда Украина халқи билан мустаҳкам бирдамлик изҳор этди», — дейилади хабарда.

Блинкен, шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки томонама муносабатларнинг 30 йиллигини қайд этиб ўтган. Давлат котиби АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, С5+1 форматидаги минтақавий ҳамкорликнинг халқлар учун аҳамиятини алоҳида қайд этган.