Бош прокуратура ўтган йилнинг декабрида Kun.uz нашри чоп этган маълумотлар юзасидан ўтказилган текширувлар натижаларини эълон қилди. Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасидан XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалар йўқолган.

Улар орасида XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар бор.

2018 йилда Ўзбекистон Миллий университетида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Лекин университетнинг асосий биноси ва музей хоналари таъмирлаб бўлинганидан кейин ҳам музейдаги ашёлар, хусусан, нодир китоблар ва қўлёзмалар ўз жойига қайтариб қўйилмаган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII — XIX асрларга оид қўлёзма ва тошбосма асарларнинг умумий қиймати 2,6 млрд сўмни ташкил этади.

Текширувлар жараёнида тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон — торож қилингани ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 19 февраль куни университетнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, шунингдек, Ахборот ресурс маркази директори ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатларига киришилди.