Ижтимоий тармоқларда миллий валюта «сўм»нинг муомалага киритилганлигига 20 йил тўлгани муносабати билан «20» рақами туширилган банкнота чиқарилгани ҳақида хабар тарқалди. Марказий банк ушбу банкнот ўзи томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмаслигини маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгилари фақат МБ томонидан муомалага чиқарилади. Бундан ташқари, янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан ОАВларда эълон қилинади.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки „Давлат белгиси“ корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган», — дейилади Марказий банк хабарида.

Марказий банк дунёдаги кўплаб банкнот чоп этувчи компаниялар янги ҳимоя элементлари жорий этилганлиги ёки бошқа ишлаб чиқариш янгиликлари билан таништириш мақсадида, бирор юбилей сана ёки компания фаолиятига алоқадор воқеага бағишлаб фақат рақам қўйилган, валюта номи қайд этилмаган банкнотлар чоп этиб боришини ва улар корхона фаолиятини рекламаси учун мўлжалланган бўлишини таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган», — деб ёзади Марказий банк.

Мараказий банк шу сабабли, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз ахборотларни тарқатмасликни сўраган.