Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал 17 февраль куни Тошкентда «Марказий Осиёдаги Чегаравий ҳамкорлик идоралари функцияларини кучайтириш орқали минтақа ичида трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш» лойиҳаси доирасида умумий қиймати 471 миллион иена (тахминан 4,1 миллион доллар)га тенг алмашув ноталарини имзолади.

Бу ҳақда «Газета.uz»га Япония элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

«Марказий Осиё опиум ва героин учун хом ашё ҳисобланган кўкнори нашасини ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланган Афғонистон билан чегарадош бўлиб, келиб чиқиши афғонлар билан боғлиқ гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига маршрут сифатида хизмат қилади», — дейилади хабарда.


Меморандумга имзо чекиш маросимида таъкидландики, толибларнинг Афғонистондаги ҳаракатлари мамлакатда ноқонуний наркотиклар савдоси ошишига ва уларнинг Марказий Осиёга оқими юзага келишига хизмат қилиши мумкин.

«Марказий Осиё мамлакатларида чегара назорати унчалик кучли эмас ва унинг имкониятларини мустаҳкамлаш ортга қолдириб бўлмайдиган масала саналади», — дейилади хабарда.

Лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегара-ўтказиш пунктлари функцияларини мустаҳкамлаш мақсадида ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида кадрлар малакасини ошириш мақсадида уларни ўқитишни назарда тутади.

Ушбу ҳамкорлик чегара назорати, наркотикка қарши кураш ва Марказий Осиёнинг бешта давлатлари орасида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш орқали Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.