Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида «Авиасозлар» саройини реконструкция қилиш ишлари бошланди. Бу ҳақда туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов Facebook’да маълум қилди.

«„Авиасозлар“ саройининг қайта уйғониши! Тошкент шаҳар ва Яшнобод туман хокимликларининг қарорлари асосида „Авиасозлар“ саройининг тўлиқ реконструкцияси бошланди», — деб ёзади у.

Унга кўра, саройни «энг янги андозалар асосида» реконструкция қилиш, унинг атрофида аҳолининг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этиш мақсадида сарой атрофида маданий-истироҳат боғи барпо этиш режалаштирилган.

Сарой биносидаги «Икар» баланд рельефи, 2020 йил февраль. Фото: Президент матбуот хизмати.

Ҳоким ўзининг постидаги изоҳларда сарой фасадидаги «Икар» баланд рельефи ўз ўрнида қолишини тасдиқлади.

Бино 1980 йилда қурилган. Сўнгги йилларда бу ерда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» маркази, Қуролли кучлар ансамбли, Марказий ҳарбий оркестри, «Турон» давлат ҳарбий театри, тикувчилик корхонаси, болалар тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.

2020 йил февраль. Фото: Президент матбуот хизмати.

2020 йил февраль ойида мазкур бинога Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган эди. Ўшанда у бинони реконструкция қилиш топшириғини берганди.

Суратлар