Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан академик Эдвард Ртвеладзе «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Тошкентда душанба куни очилган «Ўзбекистон маданий ёдгорлиги — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқот сари йўл» халқаро анжуманида хабар қилинди.

Таниқли тарихчи ва археолог ўзининг 75 йиллик таваллуди куни — 14 майда Фанлар академияси биносида мамлакат бош вазири Абдулла Арипов иштирокида тантанали маросимда мукофотни қабул қилиб олди.

Мукофот «илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун» тақдим этилди.

Эдвард Ртвеладзе — Марказий Осиё тарихи, археология, нумизматика, маданият ва санъат соҳасида етакчи олимлардан бири.