Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари фуқарога ер олиб бериш учун пора олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муроджон Азимов йиғилишда маълум қилди.

Хабарга кўра, 2021 йил сентябрь ойидан ҳокимнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган У. Я. чорвачилик кластерини ташкил қилмоқчи бўлган фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда берган ва бунинг эвазига 80 минг доллар сўраган. Келишилган маблағдан 50 мингини олаётганда ҳоким ўринбосари ушланган.

Айни вақтда Бош прокуратура У.Я.га нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Таъкидланишича, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Қашқадарё вилояти Муроджон Aзимов қатор масалаларга бағишланган йиғилишда вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилган.

«Бугундан вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилмоқчиман. Энди ишхонамиз шаъни деб яшириб ўтиришни йиғиштиради ҳамма ташкилотлар. Ташкилот ёки ҳокимлик шаънини эмас, давлатимиз шаъни ва ривожланиши ўйласак, яхши бўлар эди», — деди у.

Вилоят ҳокими ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинганлигини эслатди.

«Бу ишда туман ҳокимини ҳам оқламайман. Ижтимой тармоқларни ўқидингизми, Ш. Санаев, „балиқ бошидан“ деган гаплар чиқаяпти. Афсуски, бу гапларда жон бор. Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб, туман марказига ичимлик суви олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғилланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда?», — деб сўради Муроджон Азимов.

Кейин ҳоким Шерали Санаевга мурожаат қилди: «Сиз тажрибали ва ҳалол ҳокимсиз. Ходимларингизни ҳам назорат қилинг, қаттиқ ушланг, қонун устивор бўлиши керак сиз раҳбар бўлган жойда».

«Президентимиз бот-бот „афсуски, жамиятимизда корруция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди“, дея таъкидлайдилар», — деди у. Муроджон Азимов президент топшириқлари ижросини бажармаган, эътиборсиз қараган ҳар қандай раҳбар вазифасидан озод этилишини таъкидлади.

Муроджон Азимов вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида ишлайдиган барча ходимлар ўрганиб чиқилишини қайд этди. «„Ишингизни ҳал қилиб бераман“ дейдиган ишбилармон ходимлардан шу сонияни ўзида воз кечилади», — деди у.

«Ишламайдиган кўча одамлари ҳам айрим туман ҳокимликларига кириб чиқаётгани ҳақида ҳам хабарим бор. Аслида, сизлар ундай одамларни яхши кўрасизлар, мен эса ундай зараркунандаларни ёмон кўраман, ривожланишга ғов бўлаётганлар қаторида улар ҳам туради. Ҳокимликларга кириш-чиқиш масалалари ҳам тўлиқ назоратга олинади», — деди Қашқадарё ҳокими.

Вилоят ҳокими бир нечта ҳудудий ҳокимларни ҳам айбини, кирдикорини ёки ўз вазифасини виждонан бажармаганини бўйнига қўйиб, ишдан олишни бошлаганини маълум қилди. «Ҳуқуқий ўрганишлар тугасин, кўп нарсаларни эшитасизлар», — деди у.