8 февраль куни соат 03:07 да тез ёрдамга Нукус шаҳри Гоне қала ҳудудида кўчага ташлаб кетилган чақалоқга шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича чақирув келиб тушган. Бу ҳақда Газета.uz»га Қорақалпоғистон Республикаси ССВ хабар берди.

Тез ёрдам хизматчилари 7 дақиқа ичида воқеа жойига етиб бориб, ҳали киндиги ҳам кесилмаган чақалоққа биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, чақолоқ Ҳудудий перинатал марказига етказилган.

Makan.uz нашрининг ёзишича, тез ёрдам фельдшери Икрам Жуманиязов чақолоқни совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида ўзининг уст кийимини ечиб, уни ўраган.

Чақалоқ перинатал марказининг реанимация бўлимига қабул қилиниб, шифокорларнинг тўлиқ назоратига олинган. Гудакнинг оғирлиги 3 кг 700 грамм бўлиб, «ҳозирда унинг аҳволи оғир, лекин барқарор».

Қорақалпоғистон прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчисининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 8 февраль куни соат 02:00 лар чамасида Тахаткўпир туманида ҳисобда турган Нукус шаҳри Бўстон кўчасида вақтинча яшовчи А.К. (2002 йилда туғилган) уғил болани дунёга келтириб, ўзи яшайдиган уй яқинидаги ҳудудга ташлаб кетган. Шундан сўнг, чақалоқ Республика перинатал марказига ётқизилиб, ҳаёти сақлаб қолинган.

Ушбу вазият бўйича Нукус шаҳар ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисми (фарзандини хавф остида қолдириш) билан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни Урганч шаҳридаги чиқиндихоналардан бирида қиз жинсига мансуб чақалоқнинг мурдаси топилганди. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, у она қорнида 5,5−6 ой яшаган ҳамда «унинг ўлимига етилмаганлик ва ҳаётга лаёқатсизлик сабаб бўлган». Қолаверса, чақалоқ қонидан ҳомиладорликни жарроҳлик аралашувисиз эрта тугатишда қўлланиладиган дори воситаси қолдиқлари топилган.