2021 йил якунига кўра, IT Park резидентлари сони 523 нафарни ташкил этди, деб хабар берди технопарк матбуот хизмати.

2021 йилда 221 та компания резидент бўлиб қўшилган, улардан 104 таси фаолияти 2021 йилнинг ўзида йўлга қўйилган. Яна 88 та компанияга резидентлик мақоми берилмади, 124 та компания резидентликдан маҳрум этилди.

IT Park резидентлари фаолиятининг асосий қисми пойтахтда тўпланган — бу мақомга эга бўлган компанияларнинг 80 фоиздан ортиғи шу ерда офисларига эга. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида бор-йўғи 92 та корхона мавжуд.

Ҳозирга қадар IT Park’даги корхоналарнинг аксарияти ўзбекистонликлар томонидан яратилган — хориж сармояси иштирокида атиги 18 та компания ташкил этилган.

Технопарк резидентлари фаолиятининг асосий йўналишлари дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, маълумотларни қайта ишлаш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва IT-мутахассисликлари бўйича ўқитиш ҳисобланади. Ушбу компанияларда жами 10 мингга яқин киши ишлайди, шу жумладан уларнинг 7400 таси дастурчилар ҳисобланади.

Йил давомида IT Park резидент компаниялари томонидан 2,5 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилгани айтилди. Бу миқдорнинг қарийб 20 фоизи ёки 46 млн доллар экспорт ҳиссасига тўғри келади. Экспорт кўрсаткичи 2020 йилгидан 2,8 баробар кўпроқни ташкил қилди.

Spot нашрининг ёзишича, 2022 йилда экспорт ҳажмини 80 млн долларга, 2025 йилда эса 500 млн долларга етказиш режалаштирилган.

Технопаркнинг 104 нафар резиденти хорижда хизматлар етказиб бериш билан шуғулланади, шундан 59 нафари ишлаб чиқувчи ва 45 нафари аутсорсинг соҳасида фаолият юритади. Шу билан бирга, экспорт тушумининг 62 фоизини аутсорсинг хизматлари ташкил қилади.

Мамлакатлар бўйича экспорт тақсимланишида АҚШ етакчилик қилади. Жами экспортнинг 83,2 фоизи ушбу мамлакат ҳисобига тўғри келади. Экспорт ҳажмининг 5,2 фоизи Буюк Британия, 3,2 фоизи Россия, 2,1 фоизи Жанубий Корея мамлакатларига тегишли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июнь ойида IT Park дирекцияси ўз мажбуриятларини бажармаган 27 та компаниянинг мақомини бекор қилгани ҳақида хабар берилганди. Резидентлик мақоми бекор қилинган компанияларнинг орасида — Oson Apteka, Hoop Club, Invan Soft, Filosofiya IT, Imenu, School-Service ва бошқалар бор эди.