Чор-Бакр мажмуаси ЮНEСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда.

5 февраль куни блогер Ақида Ҳанум Бухородан 5 км узоқликда жойлашган Чор-Бакр мажмуасининг ер участкасининг бир қисми 6 та тадбиркорга сотилганини хабар берди. Унинг маълумотларига кўра, уларнинг ҳар бири 1,8 сотихдан сотиб олган.

Бухоро тумани ҳудудида жойлашган Чор-Бакр — Марказий Осиё ҳудудида жойлашган энг катта қабристон ҳисобланади. Меъморий ёдгорликларнинг асосий бинолари XVI-XX асрларга тўғри келади.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги 17 январда ўтказилган хизмат текшируви натижасида Бухоро тумани Шергирон МФЙ ҳудудида жойлашган давлат муҳофазасига олинган «Чор Бакр» (мажмуаси) маданий мерос объектининг муҳофаза теграларида ер участкалари ижарага ва мулк ҳуқуқи асосида ноқонуний электрон онлайн-аукционга қўйилганини аниқлади.

Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан 7 январь куни Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармасига йўлланган мурожаат хатига кўра, «Чор Бакр» мажмуаси қўриқланадиган теграсидан 6 та 0.018 гектарлик (жами 0.10,8 га) бўш турган ер участкасини YerElectron автоматлаштирилган ахборот тизимидан чиқариб ташлаш чораларини кўришни билдирган.

Бунга жавобан Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармаси мурожаат Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатасига юборилганини маълум қилган.


Фото: advantour.com.

Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси 10 январь куни Бухоро тумани хокимига, YerElectron автоматлаштирилган ахборот тизимига қўйилган 6 та ер участкасини аукциондан чиқаришда ҳамда «Чор Бакр» мажмуасининг муҳофаза теграларида тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш мақсадида унинг муҳофаза теграларида барча турдаги янгидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда олиб борилиши юзасидан мурожаат йўллаган.

Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органи идораларига юборилган.

Агентликнинг маълум қилишича, Чор-Бакр мажмуасини ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда. «Мутахассислар иштирокида илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган холда номзодлик ҳужжатлари тайёрланиб, белгиланган тартибда ЮНEСКО Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилган», — дейилади хабарда.

Мажмуа тўртта буюк авлиё — Ҳазрат Абу Бакр Саъд Яманий, Ҳазрат Абу Бакр Ҳомид, Ҳазрат Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл, Ҳазрат Абу Бакр Тархон шарофатларидан Чор-Бакр, яъни тўртта Бакр деб аталган. Қабристонда Чор Бакр ва Жўйбор хожалари наслидан шайхлар дафн этилган. Чор-Бакр ўзига хос «ўликлар шаҳри»да — кўчалар, ҳовлилар, дарвозалар бор, уйлар ўрнида эса — оилавий даҳмалар ва қабр тошлари мавжуд. Қабристон марказида 3 та асосий бино — масжид, хонақоҳ ва мадраса жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, февраль бошида «Газета.uz» Паркент тумани ҳокимлиги 2018 йилда «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ерни тадбиркорга хом ғишт ишлаб чиқариш учун аукцион орқали сотиб юборгани ҳақида ёзгандик. 2020 йилда эса тадбиркор ушбу ерни бошқа бир жамиятга сотиб юборган. Хом ғишт ишлаб чиқариш учун эса ёдгорлик ҳудудидан тупроқ қазиб олинган. Антикоррупция агентлиги бунинг натижасида тадбиркор маданий мерос объектига 1,5 трлн сўмлик моддий зарар етказганини аниқлади.