Андижон вилояти прокуратураси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлимида содир этилган молиявий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, вазирликнинг ички аудит хизмати ва Ҳисоб палатаси билан ҳамкорлигида Андижон шаҳар ХТБда ўтказилган аудит давомида 2020−2021 йилларда 43 млрд сўмдан ортиқ молиявий қоидабузарликлар аниқланган.

Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими бўлими 2018 йил 1 ноябрдан 2020 йил 1 ноябргача бўлган даври бирламчи ҳужжатлар асосида тафтишдан ўтказилган. Шунда ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 33,8 млрд сўм нақд пуллар Халқ таълими бўлимининг масъул ходимлари томонидан банкдан ортиқча олиниб, марказлашган бухгалтерия кассасига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилганлиги аниқланган.

Тўпланган материаллар ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Kun.uz маълумотларига кўра, молиявий қонунбузилишлар бўйича тергов жараёнида аниқланган сумма 57 млрд сўмгача кўпайиб, бошқарманинг собиқ бошлиғи Сунбула Эралиева ва ХТБнинг амалдаги раҳбари Нуриддин Базаровларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Терговга жами 40 га яқин киши жалб қилингани айтилмоқда.

Сунбула Эралиева 2019 йил декабридан 2020 йилнинг 13 июнига қадар шаҳар ХТБга раҳбарлик қилган, 2020 йил ёзидаёқ воқеалар марказида бўлган. Тармоқларда у Андижондаги мактаб директорларини ҳақорат қилган аудиоёзув тарқалганди. Шундан сўнг, прокуратура ишни текширишни бошлаганди, бироқ, текширув натижалари бўйича ҳеч нарса хабар қилинмаганди.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 728,8 млрд сўмлик бюджет маблағларининг сарфланишида молиявий қоидабузарликлар аниқланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 баробарга кўпроқ ҳисобланади.