2021 йил якунлари бўйича инфляция кўрсаткичлари оралиқ мақсадли кўрсаткич даражасида шаклланиб, 10 фоизни ташкил этди. Марказий банк томонидан «2021 йилнинг IV чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.

Бу охирги 5 йилликдаги энг яхши минимум кўрсаткич ҳисобланади.

Инфляцион кутилмалар

Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига кўра, жорий йилда Марказий банк томонидан нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатининг сақлаб қолиниши кўзда тутилган.

2021 йил декабрь ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари сентябрь-ноябрь ойларидаги ўсувчи тенденциядан кейин пасайиш трендига ўтди ҳамда мос равишда 15,7 ва 14,9 фоизни ташкил этди.

Манба: Марказий банк

2021 йил октябрь-декабрь ойларида келгуси 12 ой давомида нархлар юқори даражада ошишини билдирган респондентларнинг улуши қисқарган бўлса, чорак охирида респондентларнинг 39 фоизи келгуси 12 ой давомида нархлар ўтган 12 ой даражасида ошишини билдиришган. Аҳоли келгусида нархлар ошишига асосий омил сифатида импорт товарлари ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашишини (35 фоиз) келтирган, дейилади баёнотда.

Манба: Марказий банк

Аҳоли вакилларида бўлгани каби 2021 йил октябрь-декабрь ойларида келгуси 12 ой давомида нархлар юқори даражада ошишини билдирган иқтисодиёт субъектларининг улуши қисқарган бўлса, чорак охирида респондентларнинг 36 фоизи келгуси 12 ой давомида нархлар ўтган 12 ой даражасида ошишини билдирган.

Инфляция кутилмаларининг омиллари рўйхатида валюта курсининг ўзгариши, ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши асосий хатарлар сифатида қайд этилган.

Манба: Марказий банк

Марказий банк маълумотларига кўра, йиллик инфляция прогнози 8−9 фоиз даражасида шаклланиши кутилмоқда.

«2022 йил якунига қадар иқтисодиётда сақланиб қолаётган „нисбатан қатъий“ пул-кредит сиёсати, кредит қўйилмалари қолдиғи ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб бўлиши, умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 3 фоизгача камайтириш бўйича амалга ошириладиган чоралар натижаси, шунингдек, истеъмол бозорида рақобат шароитларининг яхшиланиши ҳамда ҳукумат томонидан инфляциянинг номонетар омилларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар йиллик инфляция кўрсаткичини прогноз доирасида бўлишига хизмат қилади», — дейилади Марказий банк шарҳида.

Аввалроқ, 2022 йилги бюджет лойиҳасида инфляция даражаси 2022 йилда 9 фоиз атрофида бўлиши кутилаётгани баён қилинганди.

Кредит ва депозитлар

Тижорат банклари томонидан 2021 йилда иқтисодиётга ажратилган кредитлар 2020 йилга нисбатан 31 фоизга ўсган бўлса, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси сезиларли даражада яхшиланиб, 71 фоизга етди. Шунингдек, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 42 фоизга ўсиб, аҳолининг истеъмол ва ипотекага бўлган талабини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

Шунингдек, банклар томонидан миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган ўртача тортилган фоиз ставкалари декабрь ойида жисмоний шахслар учун 20,2 фоизни, юридик шахслар учун 15,1 фоизни ташкил этиб, мос равишда инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовут ҳосил қилди. Бу ўз навбатида, сўмдаги жами муддатли депозитлар ҳажмининг ўтган йилда 1,5 баробарга, шундан, жисмоний шахсларникини — 1,7 баробарга ўсишига хизмат қилди.

2021 йилнинг сўнгги ойларида миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам мувозанатлашуви кузатилиб, йил бошидан кузатилаётган 20−22 фоизлик коридор доирасида бўлгани қайд этилди.

Хусусан, декабрь ойида миллий валютадаги қисқа муддатли кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,2 фоизни ва узоқ муддатли кредитлар бўйича 20,5 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин 2022 йилнинг январь ойида инфляция кўрсаткичи 0,9 фоизни, йиллик нисбатда эса 9,8 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди.