Январь ойида инфляция кўрсаткичи 0,9 фоизни, йиллик инфляция эса (2021 йилнинг январь ойига нисбатан) 9,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Январь ойидаги инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга, йиллик кўрсаткич эса 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга пастлаган.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ва ойлик нисбатда нархлар ошиши бўйича етакчи бўлди. Шундай қилиб, 2022 йилнинг январ ойида 2021 йилнинг январига нисбатан уларнинг нархлари ўртача 13,1 фоизга ошди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва пуллик хизматлар ушбу даврда мос равишда 7,8 фоизга ва 6,9 фоизга қимматлади.

Ой давомида эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,3 фоизга ошди. Ушбу даврда, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 0,5 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,7 фоизга ўсди.

2022 йилнинг бошида тухум нархлари 0,9 фоизга пасайган. Январь ойида тухум экспорти чекланган эди. Экспорт чекланиши билан январь ойида тухум нархининг пасайишига иқтисодчи Миркомил Холбоев ўз фикрини билдрди.

«Биз экспортини чеклаган тухум нархи январь ойида қарийб 1% га пасайган. Йиллик кўрсатгичларда эса тухум нархи 0,1% га пастлаган. Йиллик инфлация 10% га яқин бўлган иқтисодиётда тухумнинг реал нархи пастламоқда. Қўшимча чекловлар эса яна ўз кучини кўрсатишни бошлайди, яъни тухум етиштиришга бўлган рағбат камаяди, бу эса нархларни яна олдинги мувозанатга қайтаради. Бошқача айтганда, тухум нархи бозорда структуравий ўзгаришлар тугагунча яъни қисқа муддатда пасайиши мумкин, кейин эса яна оша бошлайди. Истеъмолчилар яна бир неча ой давомида тухум нархи пасайишини кўришлари мумкин», — дея таъкидлади иқтисодчи.

Бу ойда аньанавий тарзда мева-сабзавот маҳсулотлари нархлар ошиши бўйича етакчилик қилди. Мевалар нархи 2021 йил охирига нисбатан 3,1 фоизга, сабзавотлар 5,8 фоизга қимматлашган. Гўшт маҳсулотлари эса 0,4 фоизга арзонлашган.

Январь ойида энг қимматлаган соҳалардан бири ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари бўлди. Ушбу хизматлар 2021 йилнинг декабрь ойига нисбатан 2,3 фоизга қимматлади. Президент қарорига кўра, 2022 1 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтириш белгиланди.

Шунингдек, йилнинг илк ойида транспорт хизматлари нархлари 0,4 фоизга пастлаган.

Қайд этиш лозимки, ушбу ойда Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси узилишлар содир бўлганди. Ушбу хизматларга талаб ортишига қарамасдан турар-жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари бўйича хизматлар нархларида кичик, 0,3 фоизга ўсиш кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь ойида инфляция 1,2 фоизни ташкил қилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5 фоизга қимматлашган эди.