Путин ва Си Цзиньпин ташқи алоқаларга оид баёнотни имзолади

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин янги даврга қадам қўяётган халқаро муносабатлар ва глобал барқарор ривожланиш ҳақидаги қўшма баёнотни имзолади, дея хабар берди РИА Новости.

«Томонлар демократия алоҳида давлатларнинг имтиёзи эмас, балки умуминсоний қадрият эканлигини, уни тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш бутун жаҳон ҳамжамиятининг умумий вазифаси эканлигини бир овоздан тушунади», — дейилади хабарда.

Учрашув чоғида Россия Тайванга нисбатан позициясини билдирди. Москванинг орол мустақиллигига кескин қарши экани айтилди.

«Россия томони „Ягона Хитой“ тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, Тайван Хитойнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайди ва ҳар қандай шаклда Тайван мустақиллигига қарши чиқади», — дейилади Кремль ҳужжатида.

Шунингдек:

  • Deutsch Welle (ДW, Германия) телеканалининг Москвадаги бюроси Россия расмийларининг мамлакатда телекомпания эфирларини тақиқлаш ҳақидаги қароридан кейин ёпилди. Телеканал бу тақиққа қарши чиқиш ниятида. Европа Иттифоқи Россия расмийларининг қарорини номақбул деб атади — Коммерсантъ.

НАТО бош котиби ўз лавозимидан кетиб, Норвегия Миллий банкига раҳбарлик қилади

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг ваколати 2022 йил 1 декабрда тугайди. У шу кундан Норвегия Марказий банкига раҳбарлик қилишни бошлайди. Регуляторнинг амалдаги раҳбари Ойстеин Олсен эса 1 март куни ўз лавозимини тарк этади. Норвегия Миллий банки раҳбари Столтенбергни янги лавозимга тайинлангани билан табриклади. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

«Мен Столтенбергни ишончли ва тажрибали иқтисодчи сифатида биламан. Ишончим комилки, у ўзининг катта тажрибаси билан бу вазифани яхши бажара олади», — деди Ойстеин Олсен.

Йенс Столтенберг — Норвегиянинг собиқ бош вазири. У 2014 йил октабрь ойидан бери НАТО бош котиби лавозимида ишлаб келмоқда. Декабрь ойида «Рейтерс» агентлиги Йенс Столтенберг Миллий банк раҳбари лавозимига номзод сифатида ариза топширгани ҳақида хабар берган эди. Унга жами 22 нафар номзод ҳужжат топширган.


Марк Цукерберг дунёнинг энг бадавлат кишилари TOP-10'лигидан чиқиб кетди

3 февраль куни ёмон ҳисоботлар туфайли Meta Platforms акциялари тушиб кетгани сабабли Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг бойлиги бир кун ичида 29,7 млрд долларга камайди.

Meta’нинг 13% улушига эгалик қилувчи Цукербергнинг ҳозирги кундаги бойлиги, Forbes маълумотларига кўра, 84,8 млрд долларга тенг. Америкалик тадбиркор 2015 йилнинг ёзидан бери биринчи марта сайёранинг энг бадавлат одамлари ўнталигига кира олмади.


АҚШда бўрон туфайли 230 минг киши электрсиз қолди

АҚШнинг марказий ва шарқий қисмида қор бўрони оқибатида 230 мингдан ортиқ одам электрсиз қолди. Бу ҳақда PowerOutrage.US порталига таяниб ТАСС нашри хабар берди.

Унга кўра, айни пайтда қор ва ёмғир сабаб 232 мингдан зиёд истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. 137 мингдан ортиқ киши электр таъминотида узилишларга дучор бўлган Теннесси штати табиий офатнинг энг оғир қисмини ўз зиммасига олди.

Оғир об-ҳаво шароити туфайли мамлакат бўйлаб 4857 та рейс бекор қилинган, Техасдаги Даллас аэропортлари ҳаво қатновини тўртдан уч қисмга қисқартиришга мажбур бўлган. Йўлларнинг музлаши хавфи туфайли Кентукки ҳукумати маҳаллий аҳолини саёҳат қилишдан тийилишга чақирди.


Аргентинада 23 киши кокаиндан заҳарланиш оқибатида вафот этди

Буэнос-Айрес чеккасида кокаиндан заҳарланиш оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди, 84 киши касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Todo Noticias телеканали хабар берди. Аввалроқ 20 га яқин кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Буэнос-Айрес провинцияси соғлиқни сақлаш вазири Николас Креплакнинг сўзларига кўра, бошқа модда билан аралаштирилган кокаин истеъмол қилингани сабабли минтақа шифохоналарида 200 дан ортиқ шикоятлар қайд этилган.

Вилоят хавфсизлик вазири Серхио Бернининг айтишича, савдогарлар аралашманинг нисбатларини нотўғри ишлатиб, уни жуда заҳарли қилиб қўйган.

Дастлабки маълумотларга кўра, заҳарланганларнинг барчаси дори воситаларини бир жойдан сотиб олган. Саккиз киши кокаин сотишга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.


АҚШ ҳарбийлари ИШИД раҳбарларидан бирини йўқ қилди

АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли-ғарбида аксилтеррор операциясини ўтказди. Бу ҳақда президент Жо Байден ўз баёнотида маълум қилди.

«Кеча менинг кўрсатмам билан Сурия шимоли-ғарбий қисмидаги АҚШ ҳарбий кучлари Америка халқи ва иттифоқчиларимизни ҳимоя қилиш ва дунёни хавфсизроқ жойга айлантириш учун аксилтеррор операциясини муваффақиятли ўтказди. Қуролли Кучларимиз маҳорати ва жасорати туфайли ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни жанг майдонидан олиб чиқдик. Барча америкаликлар операциядан эсон-омон қайтди. Бугун эрталаб Америка халқига изоҳларимни етказаман. Аллоҳ аскарларимизни асрасин», — дейилади хабарда.

Операциянинг бошқа тафсилотлари ҳам келтирилмаган.

АҚШ 2019 йил октабр ойида Идлибда худди шундай операция уюштирган, натижада ИШИД етакчиси Абубакр ал-Бағдодий йўқ қилинган эди.