Президент 2 февраль куни «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни [ЎРҚ-749-сон] имзоланди. Бу ҳақди Адлия вазирлиги хабар берди.

«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, энди барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бунга қадар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларгагина рухсат этилган.

Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланган.

Шунга кўра, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан (27 млн сўм) 200 бараваригача (54 млн сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, «Фирма номлари тўғрисида»ги қонунда фирма номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби мустаҳкамланди. Қонуннинг 12−1-моддасига кўра, фирма номларидан ноқонуний равишда фойдаланиш БҲМнинг 100 бараваридан (27 млн сўм) 200 бараваригача (54 млн сўм) жаримага тортишга сабаб бўлади.

Шу билар бирга, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунга ҳам қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.

Шунга асосан, тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш каби ҳаракатларни содир этган юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан (27 млн сўм) 200 бараваригача (54 млн сўм) жарима солиниши мумкин.

Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади. Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, қолаверса, фақат жарималарга оид ўзгартишлар ҳужжат матбуотда чиққан кундан 3 ой ўтиб кучга киради.