Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қурилиш соҳасида еттита давлат ташкилотида 33,69 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича қонун бузилиш ҳолатлари борлиги аниқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик томонидан 2022 йилнинг январь ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид эълонлар масофавий мониторинг тартибида ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида, давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари сунъий равишда қисмларга бўлингани, айрим ҳолатларда бир хил иштирокчилар такроран ғолиб бўлгани, айрим буюртмачилар қонун талабларига зид равишда қурилиш соҳасидаги давлат харидлари бўйича эълонларни «Шаффоф қурилиш» ахборот марказининг tender.mc.uz махсус платформасига жойлаштирмагани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунга қарамасдан, Андижон давлат университети 2021 йилда қурилиш соҳасида қиймати 5 млрд сўмдан ортиқ бўлган 15 та давлат харидлари ўтказган ва улар сунъий равишда қисмларга бўлинган. Натижада 2 та тендер шаклида tender.mc.uz махсус ахборот портали орқали электрон шаклда ўтказилиши керак бўлган харидлар 10 та танлов шаклида ўтказилган. Шунингдек, 2 та ҳолатда бир хил мазмундаги 5 та танловлар қисмларга бўлинган ҳолда ўтказилган.

Агентлик таҳлилларига кўра, Андижон давлат университети томонидан ўтказилган 15 та қурилиш соҳасидаги танловларда 7 та хўжалик юритувчи субъектлар ғолиб бўлган бўлиб, сунъий равишда бўлинган харидларнинг деярли барчасида бир хил иштирокчилар қатнашган ва бир хил иштирокчи ғолиб бўлган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган «Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик Низомнинг 3-бандида, давлат буюртмачиларининг ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваридан ортиқ (675 млн сўм) бўлган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари tender.mc.uz махсус ахборот портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган.

Бироқ, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидини амалга ошириш жараёнида юқорида қайд қилинган қонунчилик талаблари тизимли равишда бузилишига йўл қўйилиб келинаётгани аниқланган.

Хусусан

  • «Навоий савдо комплекс» акциядорлик жамияти томонидан 5 январь куни жамият савдо комплексини таъмирлаш бўйича қиймати 21,7 млрд сўмлик;
  • «Тошкентдонмаҳсулотлари» АЖ буюртмачилигидаги 18 январь куни жамият маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,627 млрд сўмлик;
  • Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 2021 йил 27 март куни «Самарқанд шаҳар марказий кўча ва хиёбонларига дизайн асосида дарахт экиш ишлари»ни амалга ошириш бўйича 230 млн сўмлик;
  • «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ буюртмачилигидаги 17 январь куни меҳмонхона биносидаги 5 та хоналарни бузиб қайта режалаштириш ва дизайн асосида 8 та люкс хоналарга айлантириш юзасидан қиймати 996 млн сўмлик;
  • «Трансгазинжиниринг» МЧЖ буюртмачилигида 21 январь куни «қурилиш-таъмирлаш ишлари»ни бажариш юзасидан қиймати 2,456 млрд сўмлик;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги «Маъмурий-хўжалик хизмати» ДУК буюртмачилигида 24 январь куни вазирлик маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,681 млрд сўмлик ҳолатларда қонунга зид ҳаракатлар қайд этилган.

Агентликнинг билдиришича, мазкур қонунбузилиш ҳолатлари бўйича буюртмачиларга давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида 7 та тақдимнома ва Бош прокуратурага 3 та сўровнома киритилган.

Аввалроқ, ҳукумат қарори билан БҲМнинг 6 минг бараваридан (162 млн сўм) ортиқ бўлган қурилиш ишларига пудратчи ташкилотларни аниқлаш электрон тендер орқали амалга оширилиши маълум қилинган эди. Қолаверса, БҲМнинг 200 минг бараваригача (5,4 млрд сўм) бўлган лойиҳалар учун танловларда эса фақат қурилиш амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган ташкилотларгина қатнаша олади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь ойи охирида бир ярим йилда давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарлик юзасидан 45 та иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.