Ҳукуматнинг 31 январдаги [46-сон] қарори билан Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомга кўра, мақсадли дастурларга мувофиқ молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун пудрат ташкилотлари фақат давлат харидлари электрон тизимининг электрон тендер савдолари платформаси орқали аниқланади.

Мазкур низом давлат буюртмачиларининг бир шартнома бўйича қиймати БҲМнинг 6000 бараваридан (1 млрд 620 млн сўм) ортиқ бўлган қурилиш соҳасидаги электрон тендерларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур миқдордан кам бўлган қурилиш соҳасидаги электрон тендерларга ушбу тартиб тавсиявий аҳамиятга эга.

Тендер предметининг бошланғич нархи (ҚҚС билан) БҲМнинг 200 000 бараваригача (54 млрд сўм) бўлган электрон тендерларда фақат ўша ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган талабгорлар қатнашади. Бунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ягона ҳудуд деб қабул қилинади.

Электрон тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугаган санадан бошлаб 2 иш куни ичида платформа томонидан тендер ғолиби аниқланади ва ғолиб ташкилотга акцепт юборилади.

Акцепт ғолиб ташкилот томонидан тасдиқланган кундан бошлаб тендер тугалланган деб ҳисобланади.

Электрон тендер натижалари бўйича ғолиб эълон қилинган пайтдан бошлаб 3 кун муддатдан кечикмай пудрат шартномаси тузилади.

Тендер бўйича шикоятлар, низо ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун ишчи орган этиб Қурилиш вазирлиги белгиланади.