Ўзбекистонда 2022 йил баҳор ойларида республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жами 626,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилди. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Хўжаева маълум қилди.

«2021 йил қиш ва 2022 йил баҳор ойларида республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида жами 626,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шундан 294 минг тонна картошка, 86,8 минг тонна пиёз, 163,6 минг тонна сабзи ҳамда 82,1 минг тонна гуруч жамғарилди», — деди Хўжаева.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрининг 12 та асосий деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этилиб, вилоятлар томонидан бозорларга келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси шарт-шароитлар — бепул расталар, тарози, сақлаш омборхоналари яратиб берилган.

Ушбу бозор ярмаркалари 2022 йил 1 майга қадар давом эттирилиб, 75,5 минг тонна маҳсулот бозорларга етказиб берилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Республика бўйича асосан 12 турдаги маҳсулотларнинг 2022 йилда худудлар томонидан етказиб берилиши ҳисоб китоб қилинган:

Ун ва ун маҳсулотлари 4097 минг тонна (таъминланиши 92,3%);

  • Гуруч 485,7 минг тонна (134,6%);
  • Сабзавот 12,1 млн тонна (275%);
  • Cабзи 2,4 млн тонна (190%);
  • Картошка 4,2 млн тонна (161%);
  • Полиз 3,2 млн тонна (350%);
  • Мева 3,2 млн тонна (107%);
  • Узум 1,7 млн тонна (176%);
  • Ўсимлик ёғи 375 минг тонна (78%);
  • Гўшт (тирик вазнда) 1,5 млн тонна (95,6%);
  • Сут 12,4 млн тонна (83,6%);
  • Тухум 8,4 млн дона (94,1%);
  • Балиқ 517 минг тонна (105%) ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Республика бўйича 40 та туман картошка етиштиришга, шундан, 23 таси уруғлик картошкага ихтисослаштирилган. Хориждан 47,2 минг тонна картошка олиб келиш мақсадида 21,7 млн доллар (имтиёзли) молиялаштирилган. Шунингдек, картошкачилик йўналишида 9 та кластерлар ташкил этилиб, уларга 3,6 минг гектар ер ажратилган. Республика бўйича 5 та In vitro лабораториялари ташкил этилган.

Ўзбекистонда белгиланган тиббий меъёрга (52,6 кг) мувофиқ, аҳолининг картошкага 1 йиллик эҳтиёжи 1,9 млн тоннани ташкил этади. ЖССТ меъёри (96,7 кг) бўйича аҳоли истеъмоли қарийб икки баробар кўп.