Давлат хавфсизлик хизмати бир нечта ҳудудларда гиёҳванд моддалари айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганини маълум қилди.

Қорақалпоғистонда кузатилган ҳолатда ДХХ, чегара қўшинлари ҳамда божхона қўмитаси Тўрткўл туманидаги «Мискин» ЙПХ масканида Lacetti`ни тўхтатган. Бухоро-Амударё йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган машина ичидаги 1968 йилда туғилган амударёлик йўловчидан 2 кг 39 грамм «опий» моддаси топилган. Гиёҳванд модда тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, наркотик модда Тожикистондан Бухорога контрабанда йўли орқали олиб ўтилган. Фуқаро аввал ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноий иш бўйича учун судлангани маълум бўлган.

Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро Lacetti автомобилида пойтахтга келаётган вақтида Сирдарёда тўхтатилган. Унинг машинаси салонидан кучли таъсир қилувчи 11 228 дона «Регапен» ва 595 дона «Тропикамид» дорилари топилган. Фуқаро уни Қирғизистондан ноқонуний олиб ўтганлиги айтилди. Воситалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Бундан ташқари, унинг 1988 йил ҳамда 1991 йилда туғилган шериклари ҳам ушланган.

Шунингдек, ДХХ Тожикистоннинг Сўғд вилояти Масжоҳ туманида яшовчи 1976 йилда туғилган шахс 10,7 кг «гашиш» гиёҳванд моддасини контрабанда йўли билан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига олиб ўтганлигини аниқлаган. Фуқаро гиёҳванд моддаларини хуфёна жойга яшириб қўйган вақтида қўлга олинган. Аниқланишича, бу моддаларни олиб ўтиш эвазига унга наркосавдогарлар 1200 доллар бериши керак бўлган.

Бундан ташқари, андижонлик фуқаро Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи шахсга 5488 дона «Регапен» ва 1188 дона «Тропикомид» дорисини берган вақтида пойтахтда ушланган ва уларнинг иккиси ҳам қўлга олинган. Қабул қилувчининг уйи текширилганда, у ерда яна 224 дона «Регапен» борлиги маълум бўлган.

Терговга қадар текширув ҳаракатларида маълум бўлишича, бу дорилар Қирғизистондан контрабанда йўли орқали олиб ўтилган. Уларни Ўзбекистонга юборган 1986 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган.

ДХХ томонидан олиб борилган мазкур тадбирлар натижасида:

  • 10 кг 701 гр — «гашиш»
  • 2 кг 39 гр — «опий»
  • 16940 дона «Регапен»
  • 1783 дона «Тропикамид» мусодара қилинган.

Маълум қилинишича, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.