Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Балиқчи туманида ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилингани тавсирланган видео тарқалди.

Лавҳада бир қанча фуқаролар хонадоннинг яшаш биносига қарата тош отаётгани, ички ишлар ходимлари эса уларни тартибга чақираётгани акс этган. Бироқ, хоналар олдида ходимлар турганига қарамасдан одамлар тош отишда давом этган.

Андижон вилояти ИИБ вазиятга изоҳ берар экан, воқеа Балиқчи тумани Аълам МФЙда содир бўлганини маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро А.Б туман Сувоқава ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб, девор билан ўраб олган.

«Сув иншооти носоз ҳолга келганда, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётганлиги учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келганлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Иш ФИБ Избоскан туман судида 2021 йилнинг 28 майида кўриб чиқилган ва маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган.

МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан А.Б.га ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган бўлсада, у томонидан бунга қаршилик қилиниб, девор бузилмаганлиги айтилмоқда.

28 январь куни МИБ ходимлари суд қарорига асосан A.Б.нинг хонадонига ижро учун борганида А.Б ва унинг бирга яшовчи ўғли Р.Ш, келини Й.Г.лар билан маҳалла аҳолиси ўртасида низо келиб чиққан. Бунинг оқибатда маҳаллада яшовчи бир неча фуқаролар томонидан А.Б.нинг деворига тош отилган ва бу ҳолат дарҳол ИИБ ходимлари томонидан бартараф этилган.

«Отилган тошлар у ерда бўлган ИИБ ёки бошқа мутасадди ташкилот ходимларга ёхуд фуқароларга қаратилмаган ва уларга тегмаган», — дейилади вазирлик изоҳида.

Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширув якунига кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланган тақдирда, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.