Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва аллақачон ҳисобланган солиқларни тўлиқ тўламаслик қанчалик ёмон бўлса, иқтисодиётдаги яширин айланма ҳам шунчалик ёмон эканлигига шубҳа йўқ. Ҳисобланган солиқларни тўлиқ тўламаслик ҳатто аҳмоқлик ҳам. Буларнинг барчаси, албатта, аниқланиши, жиловланиши ҳамда жазоланиши лозим.

Шу билан бирга, ҳар қандай ҳисобланган солиқларни тўлиқ ҳисобга олиш ва сўзсиз ундириш Давлат солиқ қўмитасининг (ДСҚ) вазифаси ва бевосита мажбурияти ҳисобланади (Ўзбекистон Солиқ кодексининг 27-моддаси). Бунинг учун ДСҚда барча ҳуқуқ ва воситалар мавжуд. Тўлиқ тўланмаган солиқларни мажбуран ундириш бўйича ҳуқуқ ва воситалар ҳам шулар жумласидан (Солиқ кодексининг 13−15-боблари).

Сўнгги пайтларда солиқ маъмурчилигидаги янгиликлар, жумладан, анча аввал эълон қилинган «риск-анализ» дастури, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сонли қарори (асосий қоидалари 2021 йил 22 декабрдан кучга кирган) айнан яширин айланмани қисқартиришга қаратилган.

Бироқ, яширин айланмага қарши тўғридек кўринаётган чора-тадбирлар корхона раҳбарлари ва бухгалтерлари орасида, шу жумладан, менда баҳс-мунозаралар, эътирозлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Нима бўлди ўзи? Назаримда, сўнгги янгиликлар бўйича «биринчи қўл»дан изоҳ олишни истаётган ёлғиз мен эмасман. Янгиликлар кўп, бироқ мен фақат иккитаси билангина чекланаман — «ҚҚС бўйича солиқ узилишлари коэффициенти» ва ҚҚС тўловчи сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш.

Бизнинг кичик бизнесимиз офис жиҳозларини таъмирлаш билан шуғулланади ва дунёнинг бир қанча етакчи ишлаб чиқарувчилари томонидан тасдиқдан ўтган. 22 декабрь куни, мамлакатнинг бошқа кўплаб тадбиркорлари сингари биз ҳам, электрон ҳисобварақ-фактуранинг стандарт шаклидаги янги устун — «ҚҚС бўйича солиқ узилишлари коэффициенти»га кўзимиз тушганида, ҳайрон қолдик. Бизнинг ҳолатимизда у 1,0 га тенг бўлиб, тўқ қизил рангда акс эттирилган эди.

Компания ходимлари билан, ушбу янгиликнинг оммавий ахборот воситалари ва бухгалтерия форумларидаги муҳокамаларидан шуни англадикки, тўқ қизил рангдаги бирлик — бу жуда ёмон экан! Бунинг устига, корхонамиз амалда «солиқ рискининг паст даражаси» мақомига эга (2021 йил сентябрдан бошлаб ДСҚ барча корхоналар учун риск мақомларини белгилайди).

2021 йил 23 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган 595-сонли қарори кучга кирди, шунинг учун «коэффициент»нинг нима эканлигини яхшироқ тушуниш умидида уни яна бир бор синчиклаб ўрганиб чиқдик, бироқ қарорда у тилга олинган бирор ўринга дуч келмадик. Учта риск гуруҳи ҳақида сўз юритилган, аммо «коэффициент» ва уни ҳисоблаш ҳақида — ҳеч қандай гап-сўз йўқ.

Биз зудлик билан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига ЭҲФдаги бундай «хунук» рангнинг сабабини изоҳлаш юзасидан сўров юбордик. Ва батафсил жавобни 12 январь куни олдик.

Давлат солиқ бошқармаси «ҚҚС бўйича солиқ узилишлари коэффициенти»нинг энг юқори кўрсаткичига эга бўлишимиз сабаби йигирмадан ортиқ учинчи томон контрагентлари билан боғлиқлигини маълум қилди (ушбу корхоналар рўйхати илова қилинган ҳолда) — 2021 йил давомида ўз тадбиркорлик фаолиятимизни амалга ошириш мақсадида биз улардан товар ва хизматлар харид қилганмиз.

Давлат солиқ инспекцияси хатида тўғридан-тўғри, мазкур корхоналар томонидан бюджетга тўланган ҚҚС тасдиқланмаганлиги кўрсатилган. Шунинг учун, бизга «ҚҚС узилиши»нинг шундай юқори, тўқ қизил даражаси муносиб кўрилган.

Хаёлга келган биринчи нарса — бу корхоналарга қаратилган аччиқ ва қаттиқ сўзлар бўлди, чунки январь ойи бошидаёқ иккита мижозимиз биз билан ишлашдан бош тортганликлари ҳақида хабар беришди — тўқ қизил «коэффициент» билан улар учун «токсик» бўлиб қолдик.

Иккинчидан, пайсалга солиб ўтирмай, санаб ўтилган барча корхоналарни ДСҚнинг маълумот базаларида текшириб чиқдик. Хайриятки, улар ДСҚнинг расмий веб-сайтидаочиқ жойлаштирилган.

Натижада барча контрагентларимиз (биттасидан ташқари) тўлиқ «тоза» эканликларини аниқлаб, ҳайрон қолдик (ва улар шаънига айтилган асоссиз «эпитетлардан» ҳижолат тортдим).

14 январь ҳолатига кўра, контрагентларимиз тўғрисида, мана, айнан нимани кўрганимиз — ДСҚнинг барча маълумотлар базалари бўйича, рўйхатда келтирилган барча корхоналар учун:

  • ҚҚС тўловчиси сифатида «ФАОЛ» мақомига эга;
  • солиқдан қарзи ЙЎҚ;
  • ишончсиз корхоналар рўйхатида ЭМАС.

Фақат битта корхона худди биз сингари тўқ қизил коэффициентга эга ва 424 минг сўмга яқин ҚҚС қарздорлиги мавжуд эди (бундан ташқари, ушбу корхона давлат унитар корхонаси ташкилий шаклига эга эди).

Биринчи савол шу ерда туғилди — «риск-анализ» дастури «узилиш коэффициенти»ни белгилаш учун маълумотни қаердан олади? Негаки, ДСҚнинг ўз маълумот базасига кўра, бу корхоналарнинг барчаси «тоза» бўлиб чиқди. Шунингдек, мен ушбу сирли коэффициентни ҳисоблашнинг методологияси ва дастлабки маълумотларини ҳамда улар қаерда тақдим этилганлигини билмоқчиман. Чунки унинг тавсифи ва ҳисоблаш методларини ҳеч қаердан, ҳеч қандай меъёрий ҳужжатдан топишнинг имкони бўлмади.

Ва иккинчи савол. «ҚҚС бўйича солиқ узилиши коэффициенти» қачон ва қайси ҳужжат билан муомалага киритилди ва, энг асосийси, ушбу коэффициент молиявий ва солиқ ҳисоботининг асосий шаклларидан бири бўлган ЭҲФ шаклига қайси асосга кўра киритилган?

Кўриб турганингиздек, бунга фақат Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли қарорига ўзгартириш/қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳукумат қарори асос бўлиши мумкин.

ЭҲФ шакли ушбу қарорнинг 2-иловасида келтирилган. Ҳукумат қарорига ҳар қандай ўзгартириш эса фақат ҳукумат қарори билан киритилиши мумкин.

Вазирлар маҳкамасининг 489-сонли қарорига охирги ўзгартиришлар 2021 йил 7 январь ва 22 сентябрда киритилган. Бунда ҳеч қандай коэффициент ҳақида сўз йўқ.

Шундай қилиб, агар Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгартириш/қўшимчалар киритишнинг қонуний тартибига риоя қилинмаган бўлса (ўзгартиришлар ҳали ҳеч қаерда акс эттирилмаган), унда янги «коэффициент» устуни ноқонуний ҳисобланадими? ДСҚ ва Адлия вазирлигининг ҳурматли ҳуқуқшунослари, сизнинг фикр-мулоҳазаларингизни билишни жуда хоҳлар эдим.

Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори мазмун-моҳиятининг айрим тафсилотларига эътибор қаратишни лозим деб топдим. Унинг 1-иловаси билан ҚҚС тўловчиларни ҳисобга олиш тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. Шу билан бирга, амалдаги, ДСҚнинг ўзи томонидан тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2020 йил 2 майда 3232-сон билан рўйхатга олинган) худди шундай низом бекор қилинмаган. Натижа — битта процедура бўйича иккита ҳар хил ҳужжат.

Вазирлар маҳкамасининг 595-сонли қароридаги янги тартибнинг «эски"сидан асосий фарқи шундаки, янгиси солиқ тўловчиларни солиқ рисклари ва бу рискларнинг оқибатларига кўра уч даражага таснифлашни жорий қилади. Уларнинг энг «даҳшатли» белгилари («юқори риск даражаси») 1-илованинг 16-бандида кўрсатилган. Унда 13 та хусусият санаб ўтилган бўлиб, уларнинг исталган биттасига эга бўлган корхона юқори риск гуруҳига киритилади.

Бироқ ўн учтадан фақат иккитасигина солиқларнинг айнан шу корхона томонидан тўланиши (ёки тўланмаслиги) билан боғлиқ (бу нюансни эслаб қолинг, бир неча параграфларда керак бўлади).

20-бандда айтилишича, 13 та белгининг исталган биттасига асосланган «юқори риск даражаси» ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишни рад этишга олиб келади. Бир қарашда тушунарли мезондек — ҳар қандай шубҳали корхоналардан воз кечиш. Тўғри, бу Солиқ кодексининг 237 ва 461-моддаларига мос келмайди, бунда айланмаси 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ҳар қандай юридик шахс қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлишга мажбур. Мажбур!

Ва бунинг учун рўйхатдан ўтиш керак. Бироқ Вазирлар маҳкамасининг 595-сонли қарорига 1-илованинг 20-бандига биноан, ДСҚ буни рад этиши мумкин.

Солиқ кодексида бундай рўйхатдан ўтишни рад этиш имконияти ва сабаблари ҳақида ҳеч қандай эслатма топа олмадим. Бунда мен турли даражадаги норматив ҳужжатлар (кодекс даражаси ҳукумат қарори даражасидан юқори) ўртасидаги ҳуқуқий зиддият ва қарама-қаршиликка дуч келдим. Шу бўйича ҳам ДСҚ ва Адлия вазирлиги ҳуқуқшуносларининг фикр-мулоҳазаларини билишни хоҳлар эдим. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.

Кўриб чиқилаётган 1-илованинг 31-бандига кўра, «юқори риск даражаси» белгилари нафақат солиқ тўловчини рўйхатга олиш босқичида, балки амалдаги, илгари рўйхатдан ўтган тўловчилар учун ҳам амал қилади. Бундан ташқари, кундалик мониторинг режимида (32-банд).

Яъни, бу Давлат солиқ қўмитасига ҚҚС тўловчи сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқини беради — ва бунинг оқибатида контрагентлар учун ҳам ҚҚСни ҳисобга олиш рад этилиши мумкин!

Бироқ Солиқ кодексига кўра, ҚҚСни ҳисобдан олишни бекор қилиш учун биргина сабаб мавжуд — бу қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилганлиги исботланган битим (Солиқ кодексининг 266-моддаси охирги банди). Турли даражадаги ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида яна қарама-қаршиликка дуч келинмаяптими? (кодекс даражаси Вазирлар маҳкамаси қарори даражасидан юқори).

Бир қарашда ушбу янгиликни жорий этишда муайян мантиқ бор: агар кимдир бюджетга ҚҚС бўйича ўз улушини камроқ тўлаган бўлса, бу улушни контрагент учун ҳам ҳисобга олишга асос йўқ.

Лекин моҳиятан бу мантиқ расмий, «арифметик»: пул йўқ — ҳисобга олиш йўқ. Ва бу ёндашувда нимадир чалкаш, нимадир нотўғри. Масалан: пул нега «йўқ»? Келинг, энди низомга мувофиқ ва ҳуқуқий мантиқни кўриб чиқамиз. «Пул»ни ким тўлаши керак ва «нишонни учинчи шахсга йўналтириш» қонуний жиҳатдан қанчалик асосли?

Такрор айтаман, ДСҚнинг яширин айланма ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши мутлақ адолатли курашини сўзсиз олқишлайман. Лекин бу «адолатли» кураш доирасида ДСҚ виждонли солиқ тўловчига шундай дейди: сизнинг контрагентингиз қаердадир қоқилди, «юқори риск» тоифасига тушиб, ҚҚС тўловчи мақомини йўқотди. Шунинг учун, сиз [у томонидан тўланиши керак бўлган] ҚҚСни ўз ҳисобингизга ололмайсиз, балки уни тўлиқ ўзингиз тўлайсиз (хўш, нима қипти, бунинг сизга нима зарари бор?).

Бу контрагент аслида нима сабабдан ҚҚС тўловчи мақомини йўқотди: айнан солиқ тўламаганлик учунми ёки бошқа сабабларга кўра? Афсуски, буниси муҳим эмас кўринади. Гарчи яна «бошқа» 11 та сабаб мавжуд бўлса ҳам (13 тадан). Наҳотки бу мантиқий ва тўғридек кўринаётган бўлса?

Ниҳоят, учинчи савол очилди. Солиқ идоралари тўланмаган солиқларни «қаҳрамон»нинг ўзидан ундириб олишга уриниб кўришганми? Ўша тўламаганларнинг ўзидан.

Мақоланинг бошида ёзганимдек, бу ДСҚнинг вазифаси ва бевосита мажбурияти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 27-моддаси). Ва ДСҚ айбдордан солиқларни мажбуран ундириш учун барча ҳуқуқ ва воситаларга эга!

Ҳуқуқий мантиқ айнан шу ерда: ўз жинояти учун жавобгарликни айбдорнинг ўзи зиммасига олади ва унинг жавобгарлигини бошқа шахсга ўтказиш мумкин эмас.

Ҳозирги вазиятда молиявий мажбуриятни айбдорга ташкилий жиҳатдан мутлақо алоқадор бўлмаган учинчи шахсга юклаш — бу қонунчилик ва солиқ амалиётида мутлақо янги, бироқ илғор сўздек кўринади (мен ушбу янгилик муаллифлари жамоаси таркибини эълон қилишни таклиф этишни истардим, лекин бундай қилмайман).

Тахминларим ва шубҳаларим ўринсиз бўлиб чиқса, хурсанд бўламан. Ҳурматли ваколатли давлат органлари, марҳамат қилиб, ойдинлик киритсангиз.

P.S.

Шунингдек, Солиқ кодексига мувофиқ ваколатли бўлганлар томонидан киритиладиган ҚҚСни ҳисобга олиш бўйича чекловлар ҳамда ҚҚСни қайтариш бўйича чекловларнинг оқибатлари ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман.

— ҚҚС билан солиққа тортишнинг бошқа шакллари (масалан, ягона солиқ ёки айланма солиғи) ўртасидаги асосий ва принципиал фарқ — бу маҳсулот (товар / хизматлар) бўйича умумий солиқ юкини ушбу маҳсулотнинг бутун ишлаб чиқариш занжири бўйлаб ушбу маҳсулотга қўшилган қиймат билан мутаносиб равишда тақсимлашдир. Солиқларни тақсимлаш киритилган ҚҚСни «ҳисобга олиш» механизми орқали амалга оширилади.

Бу ишлаб чиқариш занжирининг ҳар бир иштирокчисига ва натижада якуний маҳсулотга солиқ юкини оқилона ва адолатли тарзда камайтириш имконини беради.

Айнан шу нуқтаи назардан ҚҚС тизими дунёнинг аксарият мамлакатларида қўлланилади.

— Бироқ киритилган ҚҚСни ҳисобга олишга рухсат этилмас экан, у занжирнинг ҳар бир босқичида 13% айланма солиғига айланади (ягона солиқ ёки айланма солиғи ставкаларини солиштириб кўринг — 5%, 4%). Бунинг натижаси кундек равшан — якуний маҳсулот таннархи қабул қилиб бўлмайдиган даражагача кўтарилиб кетади.

Натижада корхонада ишлаб чиқариш ҳажми қисқариши ва унинг бюджетга тўловлари ҳам, ўз навбатида, камайиши мумкин.

Экспортёрлар учун эса ҚҚСни қайтаришни чеклаш экспорт ҳажмини камайтириши мумкин. Ва, табиийки, валюта тушумларининг камайиши, ташқи савдо баланси сальдосининг ёмонлашиши кузатилади ва… Миллий валюта курси ҳақида нима дейиш мумкин?

Эҳтимол мен бўрттириб юборгандирман, лекин бундай тушкун сценарий эҳтимоллигини Марказий банк ва Молия вазирлиги кўриб чиқа қолсин. Уларга яхшироқ кўринади …

Владимир Срапионов — Тошкентдаги корхоналардан бирининг директори.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Ушбу мақола «Газета.uz»нинг рус версиясида 26 январь куни соат 20:59 да эълон қилинган эди. 27 январь куни соат 09:36 да Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати ушбу мақолага қўмита мутахассислари жавоб беришини маълум қилди.