Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида одамларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлади (видео).

«Коронавирусдан эмас, йўл ҳаракатидан одамлар жуда кўп ўлиб кетаяпти», — деди у.

«Ким айбдор? Нимага бундай бўлаяпти? Нимага куйиб-пишмаймиз? Нимага ўлим кўпайяпти?», — дея савол билан юзланди давлат раҳбари.

У ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга юзланар экан, шундай топшириқ берди: «Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишга шароит яратиш, авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, бунинг учун ҳаракатларни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш, Бобожонов. Қилса бўладими?».

«Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди, — дея давом этди Шавкат Мирзиёев. — Мана биз ўқиганмиз, 3 йил ўқитар эди. Ҳозир 3 ой ҳам ўқитмайди, дарсга бормасдан гувоҳномани оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми?».

«Авария сони соат сайин ошиб бормоқда. Ҳудога шукур, коронавирусдан ундай талофат, йўқотиш кам бўлди. Лекин, бунинг олдида йўл ҳаракати хавфсизлигини кўрсак, ҳар куни… Нимага? Ўқимаган. Бир хил жойларда бормасдан, пул тўлаб [ҳайдовчилик гувоҳномасини] олаяпти», — дея таъкидлади президент.


Ниғматилла Йўлдошев ва Пўлат Бобожонов (чапдан ўнгга иккинчи ва учинчи).

«Агар буни биз ўзимиз тан олмасак, кўзимизни юмиб юрсак давом этаверади. Бу муаммони бартараф қилиш учун Давлетов (адлия вазири), Йўлдошев (бош прокурор), Бобожонов (ички ишлар вазири) аввало ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштирсин. Иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш жиноятига қарши жазони кучайтириш бўйича бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритсин», — деди у.

Президент, шунингдек, Пўлат Бобожонов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга вилоят ҳокимлари билан биргаликда ҳар 15 кунда вилоятлар кесимида авария ва ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар киритиб бориш вазифасини юклади.