1992−1994 йилларда Давлат божхона қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан 15 тонна 447 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолингани акс этган видео тасвирлар эълон қилинди. Ушбу видеони Давлат божхона қўмитаси «Газета.uz»га тақдим этди.

Таъкидланишича, лавҳалар ўша йилларда Давлат божхона қўмитасининг Сурхандарё вилояти бошқармасига раҳбарлик қилган Холдор Топилович Шеровнинг шахсий архивидан олинган. Юк ортилган контейнерлар Афғонистон ҳудудидан дарё порти орқали кемаларда Ўзбекистонга кириб келган.

1992 йил 8 октябрда майиз ортилган контейнер ичида 13 тоннадан ортиқ «гашиш» яширилгани аниқланган. Ушбу гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги нархи ўша вақтларда 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил қиларди.

«5 октябрь куни бизни ходимларимиз текшириб кўрганида майиз деб ёзилган контейнерда 2560 дона қутида ҳаммаси бўлиб, 32 тонна юк борлиги аниқланди. Қутилар бир хил бўлишига қарамасдан, 1305 дона қутида наркотик моддалар бор экан. Қолганида 1255 қутида [майиз] бор экан», — дейди видеода Холдор Шеров.

1993 йил 16 февралида эса ёнғоқ ортилган 2 та темир йўл контейнерда 1167 кг «гашиш» яширилганлиги фош қилинган. Видео тасвирлардан гиёҳвандлик моддалар контейнернинг пастки қисмига, бир қатор қилиб терилганини кўриш мумкин.

Видео