Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев кечаги электр энергия таъминоти узилиши бўйича муносабат билдирди, деб хабар берди блогер Азиза Қурбонова.

«Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда. Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди», — деди у.

Давлат раҳбари «куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барча гувоҳ бўлгаинин» айтди.

«Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим, — деди президент. — Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратимга олдим».

«Бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, «бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, Ўзбекистон тараққиётини даврнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўриш керак». Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туриш зарурлигини таъкидлади.

«Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак.» — президент