«Sevimli» телеканали раҳбари Амира Рашидова ижтимоий тармоқларда телеканалда эфирга узатилган «Сабрия» сериали юзасидан билдирилаётган танқидларга муносабат билдирди.

У сериалнинг 14 январь куни намойиш этилган 32 қисми юзасидан ўз фикрларини баён этган.

Унинг сўзларига кўра, сериалнинг йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган бир эпизоди тарқалиб кетган ва у муҳокамаларга сабаб бўлган.

«Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки аҳлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса, гиёҳванд зўравон ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ëвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз. „Сабрия“ сериалидаги воқеалар ҳам реал инсонлар ҳаётидан олинган», — дейди телеканал раҳбари.

У аёлларнинг эркинлиги ва уларга нисбатан зўравонликка қарши кураш масаласини ҳар қадамда ёзиши ва кўп гапиришини қайд этган. «Мен аёлларга нисбатан ҳар қанақа зўравонликка қаршиман», — деди у.

Қолаверса, телеканал контентида ушбу иллат асоратлари ҳақидаги «Зирапча», «Сен ва мен», «Бир кафт тупроқ», «Қафасда…» каби аёллар мавзусига қаратилган катта лойиҳаларга қўл уришганини эслатиб ўтди. «Бу лойиҳаларда ҳам жамиятдаги камчиликларни кўрсатиб, қаҳрамонлар ҳаётини изга солишга ҳисса қўшганмиз», — деди у.

«Sevimli телеканали „Сабрия“ сериали намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса, „аҳлоқсиз“ деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли», — деган фикрда Амира Рашидова.

Унинг сўзларига кўра, ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. «Кўплаб кино ижодкорлар қатори, Sevimli уни ҳам қўллаб-қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…», — дея эътироз билдирди телеканал раҳбари.

Таъкидланишича, бир йил олдин телеканаллар асосий контентини турк сериаллари эгаллаганди, бугунга келиб эса ҳар бир телеканалда 2−3тадан миллий сериаллар намойиш этилмоқда.

«Лекин, шу билан бирга узатилаётган сериаллардан омманинг кўнгли тўлмаяпти, бунга кўп сабаб бор, ижодий ва техник муаммолар етарли… Биз ўтиш давридамиз. Миллий сериалларимиз яхшироқ бўлишига ишонаман, ҳар ҳолда уринишлар йўқ эмас, гарчи бу осон бўлмаса-да, шунчаки ҳаммасига вақт керак», — деди у.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди.

«Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган „Севимли“ телеканалида намойиш этилаётган „Сабрия“ сериали ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз. Бу режиссёрнинг дастлабки ишларидан бири эканлигига қарамасдан телеканал Бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермаганлиги маълум бўлди», — деди у.

Жамоатчилик ва телетомошабинларнинг бу сериалга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларини телеканали таъсисчилари ва ижодий жамоаси албатта инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор, деган фикрда у.

«Нодавлат телеканаллари эфирида узатилаётган ва томошабинлар томонидан танқид қилинаётган сериалларнинг асосий қисми хусусий продакшн студиялари томонидан ишлаб чиқилган. Келгусида мазкур студиялар билан ҳамкорликда ишлашимиз, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, аммо, суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консултатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарурати яққол кўзга ташланди. Ушбу тавсиявий ҳарактерга эга Кенгашга кино санъати соҳасидаги малакали, етук ва профессионал мутахассислар жалб этилишини таклиф қиламан», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Унинг сўзларига кўра, «ҳозирда кузатилаётган камчиликларни олдини олиш учун бу жараёнда барча телеканаллар ва хусусий продакшн студиялар билан миллий сериаллар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш, эндиликда сон эмас сериаллар сифатига алоҳида эътибор қаратилади».

У шунингдек, халқнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган, бадиий мазмуни юқори, ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга жавоб берадиган сериалларни тайёрлаш бўйича махсус дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ҳукуматга киритиш асосий вазифа эканлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, «Сабрия» миллий сериалидаги беҳаё саҳна кўринишлари жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганидан сўнг, АОКА сериал экспертизадан ўтказилишини маълум қилганди.

Шунингдек, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам «Сабрия» сериали юзасидан муносабат билдирганди. «Ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», — деганди у.

Қолаверса, у сериалдаги аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ва исноддан қутулишнинг ягона «тўғри» йўли сифатида ўз жонига қасд қилиш кўрсатилган эпизодлар учун ижодкорларни танқид қилганди. «Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу — Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос», — дея таъкидлаганди Саида Мирзиёева.