Хоразм вилоятининг Боғот туманида 2 фуқаро тадбиркордан 45 000 АҚШ доллари ундирмоқчи бўлган. Бу ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Таъкидланишича, «Б.Қ.» МЧЖ раҳбари юк автотранспортини сотиб олиш учун 10 млрд сўм кредит олиш истагида бўлган.

Фуқаролар С.И. ва Р.Д. лар олдиндан тил бириктириб, унга ушбу кредит маблағини банкда ишловчи танишлари орқали ажратилишида ёрдам беришини айтишган.

«Бунинг эвазига тадбиркордан 45 000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.