«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда 2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 717,9 млрд сўмлик турли қонунчилик нормалари бузилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда жамият бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда таъкидланди.

Шундан 91,9 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 57,8 млрд сўм жамиятга зарар, 219,9 млрд сўм бошқа хато ва камчиликлар, 237,7 млрд сўм «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан масъул сақлашга қўйилган маҳсулотларни ўзбошимчалик билан бериб юбориш ҳолатлари ҳисобланади.

«Уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан Жамият Бошқаруви ҳамда хуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳдудлардаги комплаенс инспекторлари томонидан олиб борилган мавзули ва масофавий ўрганишлар натижасида 153,9 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар ҳам аниқланган.

Олиб борилган профилактик назорат ишлари натижасида жами 153,8 млрд сўм қарздорликлар ундирилди ва ноўрин ҳолатларни олди олиниб, 149,6 млрд сўмлик маблағ жамият фойдасига иқтисод қилишга эришилган.

«Комплаенс назорат соҳасида тизим корхоналарида ўтказилган ўрганишларда 244 та қариндош-уруғчилик ҳолатлари аниқланган ва олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 152 та ҳолат бартараф этилган. Жамият тизимида юзага келиши мумкин бўлган жами 617 та коррупцион ва бошқа хавф-хатарлар рўйхати шакллантирилиб, улар камайтириш бўйича жами 1092 та чора-тадбирлар ишлаб чиқилди», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз»нинг амалда фаолият юритиб келаётган 2089 нафар ходимларидан манфаатлар тўқнашуви декларацияси олинган.

Ҳисобот даврида 39 та мавзули ўрганишларда аниқланган 251,3 млрд сўмлик хато-камчиликлар бўйича маълумотлар ҳуқуқ тартибот идораларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида юборилди. Шундан, 28 таси бўйича тегишли идоралар томонидан жиноят иши қўзғатилган, 4 таси бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, аниқланган камомадлар ундирилган ва 5 та ҳолатда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «Бухоро нефть базаси»да 50,5 млрд сўмлик дебитор қарздорлик аниқланганди. Ўшанда нефть базаси масъул ва раҳбар ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузулиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга жўнатилганди.