«Бухоро нефть базаси» МЧЖда нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан боғлиқ кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, нефть маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилгандан сўнг етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, амалда меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилинмаган. Оқибатда «Бухоро нефть базаси» МЧЖда 50,5 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келган.

Ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида, нефть базаси бўйича 984,7 млн сўм маблағ «умидсиз» қарзга айланиб улгурган.

Шунингдек, ўрганишлар давомида «Бухоро нефть базаси» МЧЖнинг 10 та фермерга ёқилғи тарқатиш шохобчаси (ФЁТШ) томонидан жами 1,8 млрд сўмлик 261,7 минг литр ёқилғи маҳсулотлари фаолияти тугатилган фермер хўжаликларига расмийлаштирилгани ҳам аниқланган.

Қолаверса, жамиятнинг собиқ раҳбарияти ва муттасадди ходимлари томонидан 3 млрд сўмлик 1 млн 595,3 минг литр нефть маҳсулотлари фермер хўжаликларига арзон нархларда расмийлаштирилиб, жамиятга зарар келтирган.

МЧЖнинг муттасади ходимлари томонидан хусусий АЁҚШларга жами 2,6 млрд сўмлик нефт маҳсулотлари олдиндан тўловсиз етказиб берилиб, дебитор қарздорлиги яшириб келинган. «Бухоро нефть базаси» МЧЖга қарашли 20 та ФЁТШларда 2,1 млрд сўмлик 206,7 минг литр маҳсулот камомади аниқланиб, 921,1 млн сўми ўрганиш жараёнида қопланган.

Ушбу нефт базада маблағ иқтисоди, харажатлар режасига амал қилиш борасидаги вазият ҳам ачинарли ҳолатда. Масалан, «Бухоро нефть базаси» МЧЖ томонидан қурилиш корхоналарига асоссиз равишда 298,1 млн сўм тўланган. Ходимларга эса 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш хақи ва мукофот пуллари тўлаб берилган, дейилади хабарда.

Нефть базаси масъул ва раҳбар ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузулиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга жўнатилган.

Матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йил бошида олиб борилган ўрганишларда «Бухоро нефть базаси» МЧЖда жами 33 млрд 896,8 млн сўмлик қонунбузулиш ҳолатлари аниқланган.