14 январ куни соат 13:00 Фарғона шаҳар «Истиқлол» МФЙдаги хонадонларнинг бирида уч киши ис газидан заҳарланиши натижасида вафот этди. Бу Фарғона шаҳри ҳокимининг қарорида қайд этилган.

Таъкидланишича, ушбу хонадонда яшовчи икки фуқаро воқеа жойида, меҳмонга келган яна бир фуқаро шифохонада тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан вафот этган. Суд тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, вафот этганларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га хабар беришича, улар орасида 1979 йилда туғилган катта сержант ҳарбий унвонидаги фуқаро (эркак), 1981 йилда туғилган III-даражали сержант ҳарбий унвонидаги фуқаро (аёл), қолаверса, 2004 йилда туғилган 11 синф ўқувчиси бўлган. Ҳодиса хонадондаги қўл бола усулида ясалган иситиш печидан ис газини сизиб чиқиши оқибатида юзага келган.

Ҳодиса содир бўлган жойга Фарғона ҳарбий прокуратураси ва шаҳар ИИО ФМБ ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ходимлари ҳамда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, «Газтаъминот» шаҳар участкаси мутахассислари чиқиб, кечиктириб бўлмайдиган зарур терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга оширишган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Газета.uz» сўровига кўра, ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқов берган маълумотларга қараганда 2021−2022 йилги иситиш мавсуми бошланишидан буён Республика бўйича ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 40 та ҳолатда 24 киши жабрланган ва 54 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йининг 17 ноябридан 18 ноябрга ўтар кечаси, Фарғона туманида 62 ёшли ота ва 31 ёшли ўғил ўз уйларида ис газидан заҳарланиб вафот этганди.