Январь-сентябрь ойларида avtoraqam.uzex.uz сайтида онлайн-аукционлар орқали 221,1 млрд сўмлик 105,6 мингдан зиёд «чиройли» авторақамлар сотилган. Бу ҳақда республика товар-хом ашё биржаси хабар берди.

Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 1,7 баробарга, қиймати бўйича — 28,3%га ўсган. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси — 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилган. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмга тенг бўлган.

Бундан ташқари, биржа товарлар савдоси бўйича бошқа маълумотларни ҳам тақдим этди.

Хабарга кўра, жорий йилнинг 9 ойлик якунларига кўра республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 61,5% га ўсиб, 61 трлн 513,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Қўшимча қилинишича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 56,8% ошиб, 22 трлн 844,3 млрд сўмни ташкил этган. Тадбиркорлар биржа орқали 14 трлн 682,9 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 8 трлн 161,4 млрд сўмлик маҳсулот сотишган.

Биржа орқали 64,5 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.

Шунингдек, биржа савдолари орқали 53 трлн 182 млрд сўмлик товарлар сотилиб, ўсиш 59,9% ни ташкил этган. Сотувчи корхоналар биржа савдолари давомида реал бозор нархларининг шаклланиши эвазига 4 трлн 892,5 млрд сўмлик қўшимча даромад олишган ва бу 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 2,1 баробарга кўп.

«Кўриб чиқилаётган давр мобайнида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,4 баробарга ошиб, 6 трлн 755,7 млрд сўмга тенг бўлди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 1,9 маротабага ўсиб, 1 трлн 152,9 млрд сўмни ташкил қилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, электрон тижоратнинг В2 В моделини акс этувчи кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми жорий йил 9 ойлик даврда 1 трлн 353,8 млрд сўмни ташкил этган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 10 ойи давомида авторақамларни сотиб олиш 2,6 баробарга кўпайиб, avtoraqam.uzex.uz онлайн-аукциони орқали жами 218,8 млрд сўм қийматда 80,5 мингдан зиёд «чиройли» рақамлар харид қилинган эди.

«Газета.uz» 2021 йилнинг илк уч ойида ўзбекистонликлар «чиройли» авторақамлар сотиб олиш учун 62 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлашгани ҳақида ёзган эди.