Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Истиқлол» монументи барьелефларининг гипсли деталларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалди. Суратларда пиёдалар йўлакчасидаги ёриқлар ва бошқа камчиликлар ҳам кўрсатилган.

Фото: «Дела тонкие» / Telegram.

Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига жавоб бермади. «Янги Ўзбекистон» боғи объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш дирекциясидан изоҳ олиш имкони бўлди. Дирекциянинг тасдиқлашича, монументнинг айрим безак қисмлари гипсдан тайёрланган ва улар вақтинчалик ҳисобланади.

Фото: «Дела тонкие» / Telegram.

«Бу вақтинчалик гипсдан қилинган. Яқин икки ой ичида бронзага алмаштирилади», — дея маълум қилди директор куратори Миржалил Мирқосимов.

Қайд этиш жоизки, Тошкентдаги аксарият ёдгорликлар ҳам очилиш вақтида гипсдан тайёрланган. Вақт ўтиши билан улар бронзага алмаштирилган.

Миржалил Мирқосимов пиёдалар йўлакларига зарар етганига ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бу байрамлар вақтида йўловчилар оқими катта бўлгани билан боғлиқ. «Пиёдалар йўлаклари одамлар билан тўлди, айримлари ҳатто майсалар устидан ҳам юришди», — деди боғ маъмурияти вакили.

Фото: «Дела тонкие» / Telegram.

«Янги Ўзбекистон» боғи ва унда ўрнатилган «Истиқлол» монументи 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан очилди. Боғ Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналишини ўзида мужассам этган беш шохли дарахт шаклида бунёд этилган. Унда 5000 ўринли амфитеатрдан ташқари сунъий кўл, спорт ва ўйин майдончалари ва бошқа иншоотлар ҳам мавжуд.

Фото: «Дела тонкие» / Telegram.

«Газета.uz» Mimar Group компанияси лойиҳа пудратчиси экани ҳақида ёзган эди. Қурилиш-монтаж ишлари қиймати, давлат харидлари порталидаги иккита лотга мувофиқ, мос равишда 146,5 млрд ва 47,8 млрд сўмга баҳоланди.