31 август куни «Янги Ўзбекистон» мажмуасида Мустақиллик монументининг очилиш маросимига бағишланган маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев боғнинг юқоридан кўриниши дарахтнинг бешта шоҳига ўхшаши ва унинг ўзига хос расмий маъноси борлигини таъкидлади.

«Агар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифода этади… Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, Тошкент вилояти ва барча ҳудудларимиздан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда», — деди у.

104 гектар майдонда жойлашган мажмуада сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари барпо этилмоқда.

Давлат раҳбари мажмуа ёнида Олимпия шаҳарчаси бунёд этилиши, унда 2025 йили Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларининг асосий мусобақалари ўтказилишини қайд этди.

Қолаверса, мажмуа ҳудудида замонавий олий таълим даргоҳи, тиббиёт клиникалари, халқаро кўргазма марказлари ва бошқа объектлардан иборат шаҳарча қурилмоқда.

Мустақиллик монументи эса Ўзбекистоннинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар, 3 минг йиллик давр ичида юз берган энг муҳим воқеаларни ўзида мужассам этган.

«Ғоят қийин ва мураккаб шароитда республика равнақини, халқимизнинг тинчлиги ва омонлигини ўйлаб, ўзини аямасдан хизмат қилган атоқли давлат арбобларимиз фаолияти ҳам атрофлича ёритилди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттириш эътибор марказига қўйилди», — деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг, давлат раҳбари Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Унинг ортидан президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, давлат идора ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳокимликлар, маданият ва спорт вакилларининг ҳам гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Фото