7 январь куни соат 15:00 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида давлат рақами белгилари бўлмаган қора Malibu ҳайдовчиси президентнинг ДХХ академиясига ташрифи муносабати билан ўрнатилган чекловларга бўйсунмади. Ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Видео қайд этиш мосламасига тушиб қолган тасвирларда ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига қарамасдан чорраҳадан ҳаракатланишда давом этгани тасвирланган. Унинг ортидан махсус хизматларга қарашли UAZ Patriot қувиб кетган. Орадан кўп ўтмасдан ортига қайтган Malibu машинасини органлар ходимлари ўраб олишган. Шундан сўнг, UAZ Patriot келиб, унинг йўлини тўсган. Тўппончадан ўқ узилишлар овози эшитилган.

Ходимлар ўраб олишига қарамасдан ҳайдовчи ҳаракатда давом этиб, чорраҳадан ўтиб кетади. Автомобилга қарата яна ўқ узишгани эшитилган. UAZ Patriot яна унинг ортидан кетади. Жами 10 марта атрофида ўқ товушлари эшитилган.

Мазкур ҳолатга ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов изоҳ бериб, Malibu боқшарувида 1976 йилда туғилган, кучли даражадаги маст ҳолатидаги фуқаро А.А. бўлганини маълум қилди.

«Ходимлар ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларни олдини олиш мақсадида, белгиланган тартибда ўқ-отар қуролини ишлатган. Натижада автотранспорт воситаси мажбурий тўхтатилиб, ҳайдовчи зарарсизлантирилган. Қурол қўлланилиши натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган», — дейилади изоҳда.

Эълон қилинган суратларда камида битта ўқ изини — ҳайдовчи эшигида кўриш мумкин.

Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга қараганда ҳайдовчи олдин ҳам судланган бўлган.